Давлат активларини бошқариш агентлиги тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Uzpaynet МЧЖдаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилди.
Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 1 июль куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар тақдим этиш сўралган.
Консультантлардан талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкин.
Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битими тақдим этилиши сўралади. Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.
Актив тўғрисида қисқача маълумот
Uzpaynet МЧЖ — Paynet тўлов тизимининг эгаси ва яратувчиси ҳисобланади.
Uzpaynet компанияси Ўзбекистон бозорида 2005 йилдан буён 390 дан ортиқ турли хизматларни кўрсатиб келмоқда. Жумладан, PAYNET.UZ мобил иловаси орқали барча коммунал тўловларни амалга ошириш мумкин. Компаниянинг республика бўйича 21 мингта тўлов пунктлари хизмат кўрсатмоқда.
Ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи Paynet тизими орқали тўловларни амалга оширади.
Uzpaynet МЧЖ Тошкент шаҳри, Фуркат кўчаси 10-уй манзилида жойлашган. 2021 йил якуни бўйича устав капитали 378,5 миллион сўм, соф активлари — 71,8 миллиард сўм, соф фойдаси — 94,6 миллиард сўмни ташкил этган.


