PayMe компанияси асосчиси Сарвар Рўзматов Girgitton етказиб бериш хизматининг бир қисмини сотиб олди. Бу ҳақда Girgitton асосчиси Хуршид Марозиқов маълум қилди.
Тадбиркорнинг ёзишича, келишув қийматини очиқламасликка қарор қилинган.
«Режаларни такомиллаштирдик, янги бозорларга чиқиш стратегиясини белгилаб олдик. Тошкент шаҳрига киришимиз кечикишининг асосий боиси ҳам шунда. Янги илова билан киришни режа қилгандик. Худо ҳоҳласа яқин ҳафталарда Тошкентда ҳам фаолиятни бошлаймиз. Жамоа ишламоқда», — деб ёзди Марозиқов Facebook’даги саҳифасида.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Girgitton бренди ўз номини Rasta’га ўзгартиради.

Қўқон ва Фарғона шаҳарларида буюртмалар янги илова орқали қабул қилинмоқда. Тошкент шаҳрида ресторан ва кафелар билан келишувлар амалга оширилмоқда. Пойтахтдаги асосий фаст-фуд тармоқлари ва ресторанлар билан келишувлар ниҳоясига етган.
Ном нега ўзгарди?
Хуршид Марозиқовнинг аниқлик киритишича, компания стратегиясида фаолият тури ўзгариши инобатга олиниб, қолаверса Ўзбекистондан ташқаридаги бозорларга кенгайиш белгиланган.
«Girgitton номи Ўзбекистондан ташқарида талаффуз ва ўқиш учун қийинчилик туғдиради. Шу сабаб, Rasta деб номладик. Rasta — бу оддий савдо растаси», — дея тушунтирди тадбиркор.
Маълумот учун, Girgitton Фарғона вилоятида етказиб бериш хизмати билан шуғулланиб келади.


