Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар киритди

Қурол ишлаб чиқарувчи «Промтехнология» ОАЖга нисбатан алоҳида чекловлар жорий этилади.

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар киритди. Рўйхат АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Таъкидланишича, 33 нафар россиялик ва 22 нафар рус юридик шахси, жумладан «Сбербанк» ва «Газпромбанк» топ-менежерлари, шунингдек, Москва саноат банки санкциялар остида қолди.

Рўйхатга, хусусан, «Сбербанк» бошқаруви раисининг ўринбосарлари Ольга Голодец ва Белла Златкис, шунингдек, банкнинг катта вице-президенти Наталья Алимова киритилган.

Вашингтон Россия оммавий ахборот воситалари — «Биринчи канал», «Россия-1» ва «НТВ»ни ҳам қора рўйхатга киритди. Америка компанияларига ушбу телеканалларни жиҳозлар билан таъминлаш ва уларда реклама жойлаштириш тақиқланди.

«Қўшма Штатлар энг кўп кўриладиган, бевосита ёки билвосита давлат назоратидаги учта телеканал — ‘Биринчи канал’, ‘Россия-1’ ва ‘НТВ’га нисбатан санкциялар жорий қилмоқда», дейилади Оқ уй баёнотида.

Бундан ташқари, АҚШ Россия элитаси ва уларнинг оила аъзоларига қарши санкциялар, шунингдек, Россия ва Беларусь расмийларига нисбатан виза чекловларини эълон қилди. Шунингдек, Россия ҳарбий амалдорлари ҳамда мамлакат ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланганларни ўз ичига олган янги виза чеклаш сиёсати тасдиқланди.

Вашингтон, шунингдек, Россия саноат секторига, жумладан, ёғоч маҳсулотлари, қозонхоналар, саноат двигателлари, моторлар, вентиляторлар ҳамда шамоллатиш ускуналари, бульдозерлар ва саноат ва тижорат мақсадларида ишлатиладиган бошқа маҳсулотларни ўз ичига олган кенг ассортимент ва маҳсулотларга нисбатан қўшимча чекловлар эълон қилди.

Қурол ишлаб чиқарувчи «Промтехнология» ОАЖга нисбатан алоҳида чекловлар жорий этилади. Санкциялар рўйхатига 69 та кемани бошқарадиган 7 та юк ташиш компанияси ҳам киради.

Ядровий тартибга солиш комиссияси, шунингдек, Россияга манба материаллари, махсус ядровий материаллар, қўшимча маҳсулот ва дейтерий экспорти учун умумий лицензияларни тўхтатади.