Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Катта еттилик» давлатлари Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилиши мумкин

Бундан ташқари, Вашингтон нефть билан боғлиқ хизматлар ва суғуртани тақиқлашда ЕИга қўшилиши мумкин.

Фото: G7 давлатлари байроқлари

«Катта еттилик» давлатлари раҳбарлари 8 май, якшанба куни бўлиб ўтадиган музокараларда Россияга қарши эҳтимолий янги санкцияларни муҳокама қилади, деб ёзди Bloomberg ўз манбаларига таяниб.

Улардан бирига кўра, учрашув мамлакатларга ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш имкониятини беради. АҚШ ва иттифоқчилар Россияда Владимир Путин чиқиши кутилаётган анъанавий ҳарбий парад ўтказилгунга қадар, 9 майгача янги санкциялар бўйича музокаралар олиб боришга интилмоқда.

Reuters’нинг АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакилига таяниб хабар беришича, учрашувда Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этиши кутилмоқда. Суҳбат мавзуси Украинадаги жанговар ҳаракатлар бориши ва Ғарбнинг мамлакатни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари бўлади.

ЕИнинг Россияга қарши санкциялари ва АҚШ

Аввал хабар қилинганидек, дипломатлар Европа Иттифоқининг яқинлашиб келаётган санкциялари ҳақида Европа Комиссияси томонидан таклиф қилинган олтинчи чекловлар пакетини муҳокама қилмоқда.

Бу Россия нефтининг импортига босқичма-босқич эмбарго ва уни денгиз орқали ташиш учун суғурта ҳамда транспорт хизматларини тақиқлашни, Россиядан яна иккита банкни SWIFT молиявий маълумотларини узатиш тизимидан узишни ўз ичига олади.

«АҚШ Россия компаниялари учун консалтинг хизматларини чеклаш ва кимёвий бирикмалар ҳамда муҳандислик маҳсулотлари учун экспорт чекловларини кучайтиришни муҳокама қилмоқда», дея таъкидлади Bloomberg.

Бундан ташқари, Вашингтон нефть билан боғлиқ хизматлар ва суғуртани тақиқлашда ЕИга қўшилиши мумкин, дея қўшимча қилди агентлик. «Катта еттилик»нинг бошқа давлатлари ҳам Европа Иттифоқининг баъзи санкцияларини ўз хусусиятларига кўра қабул қилиши мумкин.

Маълумот учун, G7 га АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Канада ва Япония киради. 2014 йилда Россиянинг аъзолиги тўхтатилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда Путин бундан афсусда эмаслигини айтган эди.