Касалланганлар сони 20 мингдан ортган Шанхайда ковид билан боғлиқ вазият маҳаллий порт ишига таъсир кўрсата бошлади, дея маълумот бермоқда «Хабар 24». АҚШнинг «ФорКайтс» компанияси таҳлилчиларининг хулосасига кўра, апрель ойида денгиз орқали юк ташиш 25 фоизга пасайган.
Шанхай порти 12 йилдан буён узлуксиз равишда дунёдаги энг йирик контейнер порти мавқеини ушлаб турибди. У 2021 йилда Европадаги энг катта — Роттердам портидан деярли уч баробар кўп 20 футлик эквивалентда 47 миллион бирликдан зиёд юкни қабул қилган.
Шаҳарнинг карантинга ёпилиши муҳим логистик занжирлар узилишига сабаб бўлди: Windward таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, ҳозир Хитой докларида 506 та кема тўхтаб қолган — бу февралдаги кўрсаткичдан 195 фоизга кўп бўлиб, жаҳон портларида юк кутаётган кемаларнинг 27,7 фоизини ташкил қилмоқда.
Шанхайда шунингдек, Хитойдаги энг йирик SMIC яримўтказгичлари ишлаб чиқарувчиси ҳам жойлашган. Бундан ташқари, Шанхайда муҳим автомобил бутловчи қисмлари ишлаб чиқарилади.
Қолаверса, Шанхай — бу Хитой ичкарисидаги халқаро савдо ҳамда бизнес маркази. 2021 йил якунида шаҳарда Tesla, Apple ва Coca-Cola сингари трансмиллий корпорацияларнинг 800 дан ортиқ ҳудудий штаб-квартиралари бор эди. Шанхай фонд биржаси бозор капиталлашуви кўрсаткичи бўйича Нью-Йорк ва Лондондан сўнг учинчи ўринни эгаллаган.


