Европа Иттифоқи Apple’га монополияга қарши қонунларнинг бузилиши эҳтимоли бўйича ўз эътирозларини юборди: регулятор компания мобил тўловлар соҳасида ўзининг устун мавқеини суиистеъмол қилмоқда, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Еврокомиссия сайтидаги хабарда айтилади.
«Apple смартфонлар билан контактсиз тўловларни амалга оширишда ишлатиладиган NFC технологиясидан учинчи томон фойдаланишини чеклайди ва шу билан ўз ечими – Apple Pay хизмати ва Wallet учун рақобатга тўсқинлик қилади», — деди Европа комиссиясининг рақамли технологиялар бўйича вице-президенти Маргрете Вестагер.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, рақобатнинг сунъий чекланиши фойдаланувчиларга таъсир қилади, уларнинг танловини чеклайди ва инновацияларни секинлаштиради.
Apple, Bloomberg сўровига жавобан, европалик фойдаланувчиларга хавфсиз муҳитда тўлов имкониятларидан фойдаланишни таъминлаш учун Европа Комиссияси билан ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.
«Агар Европа Иттифоқи шикояти қаноатлантирилса, Apple монополияга қарши қонунбузарликлар учун катта миқдорда жарима тўлаши керак», деб ёзади Bloomberg.
Financial Times нашрига кўра, жарима глобал даромаднинг 10 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бироқ компанияда ЕИ хулосаларига ёзма равишда, кейин эса суд жараёнида эътироз билдириш имконияти бор. Apple’нинг Apple Pay’даги чекловлари бўйича текширув 2020 йилда бошланган.


