Tinkoff Bank асосчиси Олег Тиньков Украинадаги воқеалар ҳақида очиқ баёнот берганидан кейин банкдаги улушини «бир тийинга» сотишга мажбур бўлганини айтди. Бу ҳақда тадбиркор The New York Times газетасига берган интервьюсида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Олег Тиньков 20 апрель куни Украинага ҳужумга қарши постини эълон қилганидан бир кун ўтиб, Кремль Tinkoff Bank раҳбарияти билан боғланиб, тадбиркор ўз улушини сотмаса, банкни миллийлаштириш билан таҳдид қилган.
«Мен савдолаша олмадим. Бу гаровдек ҳолат — таклиф қилингган нарсани олишга мажбурсиз, мен келишиш имконига эга эмасдим», — дея Тиньков акциялар қандай сотилганини тасвирлаб берди.
Тадбиркорнинг фикрича, Владимир Потанин унга ушбу улушнинг ҳақиқий қийматининг 3 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлаган.
Тиньков, шунингдек, кўплаб россиялик ишбилармонлар унинг Украина бўйича позицияси билан бирдам экани, бу ҳақда унинг ёлғиз ўз гапиргани, бироқ «ҳамма қўрқаётганини» айтди.
Улушнинг сотилиши
Владимир Потаниннинг «Интеррос» компанияси 28 апрель куни Олег Тиньков оиласидан TCS Group’нинг 35 фоиз улушини сотиб олганини эълон қилди.
Марказий банк битимни маъқуллади, унинг тафсилотлари ошкор этилмади. 27 апрелдаги савдолар якунига кўра, Москва биржасидаги TCS гуруҳининг бозор капиталлашуви 6,9 миллиард долларга баҳоланди (акция нархи 2520 рубль). Шунга кўра, компаниянинг 35 фоизи тахминан 2,4 миллиард долларга тушиши мумкин.
«Коммерсантъ»нинг ёзишича, TCS гуруҳининг 35 фоизи анча арзонроқ — 300 миллион долларга сотилиши мумкин. Тиньковнинг танишларидан бири эса 350 миллион доллар миқдори муҳокама қилинганини айтди.
Тиньковнинг танқиди
Банк асосчиси Олег Тиньков Россиянинг Украинага босқини ҳақида кескин сўзлар ёзилган пост эълон қилди. Постда Тиньков ҳозирги воқеалардан бирорта ҳам манфаатдор кўрмаётгани, россияликларнинг 90 фоизи босқинга қарши эканини айтди ва инглиз тилида Ғарбни янада оқилона ва инсонпарвар бўлишга ҳамда содир бўлаётган воқеаларни тўхтатишга чақирди.

Шундан сўнг Tinkoff Bank баёнот эълон қилди, унда ташкилот ўз асосчисининг сўзларини шахсий фикр деб қабул қилишни сўради.
Банк хабарида айтилишича, Олег Тиньков кўп йиллар давомида Tinkoff Group компанияларида қарор қабул қилувчи шахс бўлмаган, у Tinkoff ходими ҳам эмас, Россияда узоқ вақт бўлмаган ва сўнгги йилларда соғлиғи билан боғлиқ муаммолар билан банд бўлган.
Олег Тиньков аввалроқ — февраль ойининг охирида ҳам Россиянинг Украинага босқинини қоралаганди.
«Мен ўзим, деярли икки марта ҳаётнинг нариги томонида бўлганимда, сўнгги 2 йил ичида унинг қанчалик нозик эканига амин бўлдим! Ва у биз эга бўлган ягона нарса! Ҳозир Украинада ҳар куни бегуноҳ одамлар ўлмоқда, буни ақлга сиғдириб ва қабул қилиб бўлмайди!», — деб ёзганди Тиньков.
Унинг таъкидлашича, давлатлар пулни ҳарбий ҳаракатларга эмас, балки одамларни даволаш ва илмий тадқиқотларга сарфлашлари керак.


