Фарғона-Бухоро-Фарғона, Фарғона-Урганч-Фарғона йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилади. Шавкат Мирзиёев бу бўйича Транспорт вазирлигига топшириқ берди.
Президент раислигидаги видеоселекторда айтилишича, ҳалигача халқаро ва маҳаллий йўналишларда лоукостерлар фаолияти самарали йўлга қўйилмагани, замонавий «Афросиёб» поездига чипта олиш учун бир неча ҳафта олдин мурожаат қилиш зарурлиги танқид қилинди.
Шу боис Транспорт вазирлигига бир ой муддатда:
- Фарғона-Бухоро-Фарғона, Фарғона-Урганч-Фарғона йўналишида авиақатновларни;
- Бухоро-Самарқанд, Бухоро-Хива, Бухоро-Термиз йўналишлари бўйича замонавий автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйиш топширилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» бир ой муддатда «Афросиёб» тез юрар поездини Шаҳрисабзгача ҳаракатини қайта тиклайдиган бўлди.
Мутасаддиларга 1 сентябрга қадар ҳар куни 2 мингдан зиёд сайёҳларга тарихий масканларни айланиб чиқиш имконини берадиган 2 қаватли мунтазам туристик автобуслар қатновини йўлга қўйишга топшириқ берилди.
Аввалроқ Бухородан Истанбулга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди.


