Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, Брюссель Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида чекловлар тайёрламоқда. Улар банк ва энергетика соҳаларига чекловларни ўз ичига олади. Бу ҳақда фон дер Ляйен Германиянинг Bild am Sonntag нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Банк спектридаги чекловлар «Сбербанк»ка ҳам таъсир қилиши мумкин.
«Айниқса, ушбу секторнинг 37 фоизини ташкил этувчи «Сбербанк»ни ўрганамиз», — деди Еврокомиссия.
Унинг сўзларига кўра, Брюссель Россия энергетика соҳасига қарши санкцияларни ҳам кўриб чиқмоқда. Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа ҳозирда Россия нефтидан воз кечишга ёрдам берадиган ақлли механизмларни ишлаб чиқиш жараёнида.
Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, Германия Россияга қарши санкциялар жорий этишни секинлаштираётгани ҳақидаги айбловларни ҳам рад этди. У Германия 48 соат ичида бешта санкция пакетини маъқуллаганига эътибор қаратди.
«Европа Иттифоқи ҳеч қачон ҳозиргидек бирдамлик, қатъият ва ғайрат билан ҳаракат қилмаган. Германия бунда алоҳида роль ўйнади», — деди у.
Фон дер Ляйен аввал Германия мудофаа вазири лавозимида ишлаган.
Апрель ойи бошида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Россиядан нефть ва газга чекловлар муқаррарлигини эълон қилган эди. Bloomberg’нинг ёзишича, Россия гази учун тўловни рублга ўтказиш Европага газ етказиб беришга «де-факто» эмбарго қўйилиши мумкин.
Март ойида Владимир Путин «дўст бўлмаган мамлакатлар» учун газ етказиб бериш бўйича ҳисоб-китобларни Россия валютасига ўтказишни талаб қилган эди ва бу тўғрисида фармон ҳам имзолади. Евроиттифоқ рублда тўлов Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни бузиш бўлади, дея ҳисоблайди.


