Газ савдоси ва логистика соҳасидаги активларни бирлаштирадиган Gazprom Germania ҳолдинги «Газпром» гуруҳини тарк этди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
«‘Газпром’ ОАЖ шўба корхоналари 2022 йил 31 март куни GAZPROM Germania GmbH’нинг ягона аъзоси бўлган ‘Газпром экспорт бизнес-сервиси’ МЧЖдаги иштирокини тўхтатди», дейилади эмитент баёнотида.
Қайд этилишича, ҳозирда «Газпром»нинг Европадаги шуъба корхоналари босим остида қолмоқда, чунки мижозлар ва бизнес ҳамкорлар улар билан бизнес юритишдан бош тортмоқда.
«‘Газпром’ гуруҳи 31 март куни Германиянинг GAZPROM Germania GmbH компанияси ва унинг барча активлари, шу жумладан Gazprom Marketing & Trading Ltd’даги иштирокини тўхтатди», дея қўшимча қилди «Газпром».
Аввалроқ Назарбоевнинг куёви «Газпром» директорлар кенгашига номзодлар рўйхатидан йўқолиб қолгани хабар қилинганди. Шунингдек, Путин «дўст бўлмаган давлатлар»га газни хорижий валюта эвазига етказиб беришни тақиқлагани ҳақида хабар берилди.


