Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ford чип етишмовчилиги туфайли Мичиганда Mustang ишлаб чиқаришни тўхтатади

Компаниянинг Шимолий Америкадаги қолган заводлари кейинги ҳафта ишлашда давом этади.

Фото: Reuters

Ford 4 апрелдан бошлаб Mustang спорт автомобилларини йиғувчи Мичигандаги заводида чиплар етишмовчилиги давом этаётгани сабабли ишлаб чиқаришни бир ҳафтага тўхтатади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

«Глобал яримўтказгич танқислиги Ford’нинг Шимолий Америкадаги заводлари фаолиятига таъсир қилишда давом этмоқда», дейилади автомобиль ишлаб чиқарувчиси хабарида.

Таъкидланишича, компаниянинг Шимолий Америкадаги қолган заводлари кейинги ҳафта ишлашда давом этади.

Мичиган штатининг Флат-Рок шаҳридаги завод 2022 йилги Ford Mustang’ни январь ойида ишлаб чиқаришни бошлаган, бироқ етказиб беришдаги узилишлар туфайли ишлаб чиқариш бир неча бор тўхтатилган. Ford’нинг Оҳаё ва Кентаккидаги заводлари ҳам йил бошидан бери ишлаб чиқаришни бир неча бор тўхтатиб қўйган.

Ford февраль ойида ўзининг тўртинчи чоракдаги даромадлари тўғрисидаги ҳисоботида «таъминот занжиридаги узилишлар» шароитида биринчи чоракда ишлаб чиқариш қисқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Американинг яна бир автомобиль ишлаб чиқарувчиси General Motors ҳам Мичигандаги заводни бутловчи қисмлар етишмаслиги сабабли тўхтатади. Бироқ ушбу танаффус чиплар билан боғлиқ эмас.

Аввалроқ Ford Ranger пикапи асосидаги янги йўлтанламасни тақдим этгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ford Mustang электромобилини ишлаб чиқаришни уч баравар ошириши ҳақида хабар берилди.