Ўзбекистон товар-хом ашё биржасидаги 2022 йилнинг биринчи чорагидаги савдоларда сотувчи корхоналар қарийб 3 триллион сўм қўшимча даромад олди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил январь-март ойларида биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 50,6 фоизга ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан эса қарийб уч бараварга ўсиб, 26,7 триллион сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони 2021 йилга нисбатан деярли тўрт баравар ўсиб, 33,6 мингта савдо иштирокчисини ташкил қилди.
Таъкидланишича, биржада маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши натижасида сотувчи корхоналар қарийб 3,0 триллион сўмлик қўшимча даромад олди. Бу 2021 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 2,8 баравар кўпдир.
Қайд этилишича, мазкур маблағлар сотувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга йўналтирилиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда давлатнинг «олтин акция» ҳуқуқи бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.


