Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Шавкат Мирзиёев хориждан қайтган мигрантларни қурилишларга жалб қилиш кераклигини айтди

Президент аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича таклиф берди.

Фото: Sputnik

Меҳнат миграциясидан қайтган Ўзбекистон фуқароларини қурилишларга жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини ошириш зарур. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни ўтказилган видеоселектр йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда давлат раҳбари иш ўринларини ташкил этиш, бандликни таъминлаш масалаларига тўхталди. Қайд этилишича, бугунги кунда 67 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш шаклига ўтказилган. Президент фаолият турларини яна 20 тага кўпайтириш ва бу орқали қўшимча 150 минг аҳоли бандлиги таъминлаш мумкинлигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қурилишларга жалб қилиш, уларга зарур асбоб-ускуналар олиб бериш учун субсидия ажратиш ҳисобига қўшимча 100 минг аҳолининг расмий бандлигини таъминлаши кераклиги таъкидланди.

Бандликни таъминлаш учун янги механизмларни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Дунё бозорларидаги ҳолат, хом ашё, ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиб бориши, қўшни давлатлардан пул ўтказмаларининг камайиши аҳоли даромадларига кўрсатиши мумкин бўлган таъсирни ҳисобга олиб ва инфляция ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ рублнинг қулаши сабабли ўзбекистонлик айрим меҳнат муҳожирлари Россияни тарк эта бошлагани хабар қилинганди.