Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Хитой смартфонларга қарамликка қарши курашиш мақсадида видеоблогерлар учун донатларни чеклаши мумкин

Хитой жонли видео стриминг саноати 2020 йилда 30 млрд долларга баҳоланган.

Фото: «smallbizsense.com»

Хитой смартфонларга қарамлик ва интернетдаги ортиқча сарф-харажатларга қарши курашиш мақсадида видеоблогерлар учун донатларни чеклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Хитойда блогерларнинг жонли трансляцияси жуда машҳур бўлиб кетди, чунки мобил интернетга эришиш имконияти кўпайди. Хитой Ижро санъати ассоциацияси 2020 йилда жонли видео стриминг саноатини 30 миллиард долларга баҳолади.

Блогерлар рекламадан пул топади, лекин уларнинг асосий даромади тахминан 15 центдан 1100 долларгача бўлган донатлардан келади: машҳур шахслар кунига ўн минглаб, юлдузлар эса — реклама ва бренд интеграцияси орқали миллионлаб доллар ишлаб топиши мумкин.

Расмийлар донат учун ҳар кунги харажатларни чеклашни, шунингдек, ҳар бир блогер томошабинлардан бир кунда олиши мумкин бўлган миқдорга чекловлар қўйишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Хитой цензурани кучайтириши мумкин, жумладан, расмийлар ёшлар истеъмол қиладиган контентга таъсир ўтказмоқчи.

Хабарга кўра, 2021 йили расмийлар режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида профессионал ҳамжамиятдан фикр-мулоҳазаларни йиғишни бошлади. Таъкидланишича, ўзгаришлардан кўзланган мақсад фирибгарлик, смартфонларга қарамлик ва интернетда ортиқча сарф-харажатларга қарши курашишдир. Назорат қилувчи органлар ёшларнинг блогер бўлишга интилишидан хавотирда ва бу ҳукумат сингдирмоқчи бўлган қадриятларга зиддир.

Хитойнинг Киберҳудуд бошқармаси бу бўйича изоҳ бермади. Йирик стриминг платформалари эгалари — ByteDance (TikTok эгаси), Kuaishou ва Huya ҳам сўровларни жавобсиз қолдирди. 2021 йилда ушбу учта компания ҳиссасига бозорнинг 70 фоизи ва 700 миллион томошабин тўғри келди.

Бундан ташқари, Хитой 2021 йилда ёшлар учун бошқа кўнгилочар ва ўйин-кулги соҳаларини чеклади. Хусусан, у тижорат мақсадидаги онлайн таълим лойиҳалари қоидаларини қаттиқлаштирди, мамлакат ёшлари учун онлайн ўйинлар вақтини уч соатгача қисқартирди ва юлдузларга мухлислик қилишга қарши чиқди.

Расмийларнинг ушбу ва бошқа чекловчи ҳаракатлари Хитой компаниялари, биринчи навбатда, интернет сотувчилари ва ўйин ишлаб чиқарувчилари акцияларининг оммавий сотилишига олиб келди.

Аввалроқ Хитой АҚШнинг WeChat ва AliExpress бўйича қарорига муносабат билдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Хитойлик блогер рекорд даражадаги жаримага тортилгани ҳақида хабар берилди.