Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

LinkedIn асосчисининг янги стартапи Google ва Meta ходимларини ўзига «оғдириб олмоқда»

Стартап сунъий интеллект учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқади.

Фото: CNBC

LinkedIn асосчиси Рид Ҳоффманнинг янги стартапи Inflection AI Google ва Meta ходимларини ўзига «оғдириб олмоқда». Бу ҳақда CNBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Рид Ҳофман ва DeepMind асосчиларидан бири Мустафо Сулаймон март ойи бошида Inflection AI стартапини ишга туширди. Шу ой охирида унга Google ва Meta муҳандислари қўшилди.

Исмлари ошкор бўлган жамоанинг дастлабки учта аъзоси Сулаймон ва Ҳоффманнинг ўзлари, шунингдек, собиқ DeepMind тадқиқотчиси Карен Симонян бўлди. Inflection AI сунъий интеллект учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқади, улар инсон ва компьютернинг «мулоқотини» осонлаштиришга мўлжалланган.

Шу ойда Генрих Каттлер стартапда ишлаш учун Лондондаги Meta компаниясида муҳандислик тадқиқотлари бўлими бошлиғи лавозимини тарк этди — у Inflection AI бизнесининг техник томони учун жавобгар бўлади. Шунингдек, компанияга Жо Фентон қўшилди, у Google компаниясида катта маҳсулот менежери лавозимини тарк этди. У бизнеснинг маҳсулот томонида ишлайди.

Қайд этилишича, DeepMind, Google ва Meta’да сунъий интеллект бўйича ишлаган тадқиқотчилар ва муҳандислар ажойиб резюмеларга эга. Масалан, Фентон Англиядаги Уорик университетида физика бўйича биринчи даражали диплом олган, Каттлер эса Германиянинг етакчи университетларида назарий ва математик физика бўйича таҳсил олган.

Inflection — 2016 йилда LinkedIn Microsoft’га 26,2 миллиард долларга сотилгандан сўнг Ҳоффман асос солган биринчи компаниядир. 2014 йилда DeepMind’ни Google’га тахминан 600 миллион долларга сотган Сулаймон билан ҳам худди шу сценарий содир бўлди.

Аввалроқ Microsoft’нинг 100 дан ортиқ дастурчиси Meta’га ўтиб кетгани хабар қилинганди.