АҚШ маъмуриятининг умумий ишлар бошқармаси Trump Organization компаниясига (собиқ Президент Дональд Трамп оиласига тегишли) Trump International Hotel’ни сотишга рухсат берди. Бу ҳақда маъмурият матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, харидор Флорида штатидан CGI Merchant Group инвестиция компанияси бўлади.
«CGI ва Hilton Worldwide Holdings, Inc. эски почта бўлимини ҳашаматли Waldorf Astoria меҳмонхонасига айлантиришни режалаштирмоқда. Шартнома топширилгандан сўнг, CGI ижара шартлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олади», дейилади маъмурият хабарида.
The Wall Street Journal 2021 йилнинг ноябрида меҳмонхонага бўлган ҳуқуқлар сотилгани ҳақида ёзган. Маълум қилинишича, келишув 375 миллион долларни ташкил қилиши керак эди. Шунингдек, Трамп номини олиб ташлаш ҳамда Hilton Worldwide Holdings билан брендинг ва мулкни бошқариш борасида келишиб олиш режалаштирилган эди.
Қайд этилишича, Trump International Hotel Оқ уй яқинидаги Пенсильвания проспектидаги собиқ почта бўлимида жойлашган. Меҳмонхонанинг ўзи АҚШ ҳукуматига тегишли, бироқ у 100 йил муддатга янгилаш имконияти билан ижарага берилади.
Вакиллар палатасининг маълумотларига кўра, меҳмонхона 2016 йилдан бери зарар билан ишлаган, Трамп компанияси эса йиллар давомида 150 миллион доллар даромад олгани ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, Республикачилар партияси аъзолари Трамп президентлиги даврида меҳмонхонага тез-тез тўпланган, улар у ерда лоббичилар ва қонунчилар билан учрашган.
Аввалроқ Трампнинг медиакомпанияси 1 миллиард доллар сармоя жалб қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Дональд Трампнинг ижтимоий тармоғи қачон ишга туширилиши хабар қилинди.


