Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Лойиҳа Германиянинг Siemens Energy, Франциянинг ЕDF, Нидерландиянинг Stone City Energy компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бунга аҳлоҳида эътибор қаратиб, соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.
«Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди. Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил якунига қадар 7 та янги электр станция ишга туширилиши ҳақида хабар берилганди.


