Буюк Британиянинг OneWeb сунъий йўлдош Интернетни ривожлантириш корпорацияси Илон Маскнинг SpaceX компанияси билан сунъий йўлдошларни орбитага чиқариш бўйича келишиб олди, деб ёзади OneWeb расмий сайти. Лойиҳа илк марта 2022 йилда ишга туширилади.
Илгари OneWeb Россиянинг «Роскосмос»и билан ҳамкорлик қилган, бироқ 3 март куни компания раҳбарияти ҳамкорликни тўхтатган эди. Эртаси куни «Роскосмос» OneWeb сунъий йўлдошларини Бойқўнғирда учиришга тайёргарликни тўхтатишга қарор қилди.
Улар бу қарорни Буюк Британия компанияси космик кемалардан ноҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун кафолат бермагани билан изоҳлади. Шу билан бирга, Россия давлат компанияси ишга тушириш учун ажратилган маблағларни қайтаришдан бош тортди.
«Компания ва SpaceX OneWeb’га сунъий йўлдош учирилишини давом эттириш имконини берувчи келишувга эришди», дейилади хабарда.
17 март куни Европа космик агентлиги (ESA) ҳам «Роскосмос» билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Илгари улар биргаликда Марсни тадқиқ қилиш дастури ва ExoMars роверини ишлаб чиққан эди. «Роскосмос» раҳбари Рогозин бу хабарга жавобан, миссия «ғарблик ҳамкорлар иштирокисиз амалга ошиши»ни айтди.


