Бразилия Олий федерал суди судьяси Александр де Мораес Telegram’ни блоклаш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бунга суд талабларининг бажарилиши сабаб бўлди, деб ёзади Reuters.
Мессенжерни блокировка қилиш тўғрисидаги қарор суд томонидан компания ёлғон маълумот тарқатувчи профилларни блоклаш талабини бажармаганидан кейин қабул қилинганди.
Улар орасида Президент Жаир Болсонаронинг энг яқин иттифоқчиларидан бири, блогер Аллан дос Сантосга тегишли профиль ҳам бор эди. Айни дамда у сохта хабар тарқатгани ва судьяларга ҳужум қилгани учун тергов қилинмоқда.
Профилларни блокировка қилишдан ташқари, Telegram мамлакатда расмий вакилни тайинлаши, шунингдек, Олий судни «дезинформацияга қарши кураш» бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилиши керак эди.
Telegram асосчиси Павел Дуров компания февраль ойи охирида Бразилия судининг ноқонуний контентни олиб ташлаш ҳақидаги қарорига амал қилганини ёзди. Кейинчалик, у бундай сўровларни махсус электрон почта манзилига юборишни таклиф қилди.
«Биз Telegram.org’даги корпоратив манзилларимиз ва Бразилия Олий суди ўртасида электрон почта хабарларини юборишда муаммога дуч келяпмиз. Бу тушунмовчилик натижасида суд жавоб бўлмагани учун Telegram’ни блоклаш тўғрисида қарор чиқарди», — дея тушунтирганди Дуров.
19 март куни суд Telagram’га унинг талабларини бажариш учун 24 соат вақт берди. 20 март кунги қарорида суд платформа барча кўрсатмаларга риоя қилганини тасдиқлади.


