Бразилия Олий суди 18 март куни мамлакатда Telegram’ни блоклаш тўғрисида қарор чиқарди. Президент Жаир Болсонаро суднинг ушбу қарорини номақбул деб атади.
Суд қарорни Telegram’нинг «дезинформация тарқатувчи» бир нечта аккаунтларни блоклаш ҳақидаги сўровга жавоб бермаганидан кейин қабул қилди. Бразилия Президенти ушбу қарорни қабул қилиш тўғри эмаслигига тўхталди.
«Рио Бранкода қайғули хабар олдим — суднинг Бразилияда Telegram иловасини блоклаш ҳақидаги қарори. Бу — номақбул иш», — деди Бразилия Президенти Жаир Болсонаро.
Президентнинг Telegram’да 1 миллиондан ортиқ обуначиси бор. Болсонаронинг сўзларига кўра, хабар алмашиш иловаси Бразилияда 70 миллионга яқин фойдаланувчига эга.
Бразилия Адлия вазирлиги Telegram’ga киришни тиклаш имкониятларини ўрганишга ваъда берди. Идора раҳбари Андерсон Торрес Twitter’да суд қароридан миллионлаб бразилияликлар жабр кўргани ҳақида ёзди.
«Миллионлаб бразилияликлар тўсатдан монократик қарордан азият чекди. Мен аллақачон вазирликнинг бир нечта секторларига одамларнинг ўзлари хоҳлаган ижтимоий тармоқдан фойдаланиш ҳуқуқини тиклаш бўйича ечимни дарҳол кўриб чиқишни буюрганман», — деб ёзди у.
Telegram асосчиси Павел Дуровнинг тушунтиришича, Бразилия Олий суди компаниянинг эски электрон почта манзилига «дезинформация тарқатувчи» аккаунтларни блоклаш бўйича сўровлар юборган. Почта манзили эски бўлгани сабабли ушбу сўровлар ўтказиб юборилган.
«Telegram.org’даги корпоратив манзилларимиз ва Бразилия Олий суди ўртасида электрон почта хабарларини алмашишда муаммога дуч келяпмиз. Суд ушбу тушунмовчилик натижасида жавоб берилмагани учун Telegram’ни блокировка қилишга қарор қилди. Жамоамиз номидан эътиборсизлик учун Бразилия Олий судидан узр сўрайман», — деб ёзди Дуров.
Миллиардернинг ёзишича, февраль ойи охирида Telegram суднинг олдинги қарорига амал қилган ва бунга жавобан, келажакда махсус электрон почта манзилига контентни олиб ташлаш сўровларини юборишни таклиф қилган. Лекин суд мессенжер вакиллари билан боғланиш учун кейинги уринишларда эски умумий мақсадли электрон почта манзилидан фойдаланган.
Оқибатда Telegram суднинг март ойининг бошида қўшимча олиб ташлаш талабини ўз ичига олган қарорини ўтказиб юборган. Кейинчалик мессенжер вакиллари хатни топиб, қайта ишлаган ва судга яна бир ҳисобот топширган.


