«HeadHunter Ўзбекистон» тадқиқот гуруҳи баҳорий янгиланиш байрами арафасида ўзбекистонликларнинг бу йилги Наврўзга қандай режалари борлигини билиш мақсадида махсус сўров ўтказди.
Бу сафар респондентларнинг 85 фоизи байрамни нишонлашни режалаштирмоқда. Респондентларнинг аксарияти (76 фоиз) байрамни анъанавий равишда оиласи ва яқин қариндошлари билан нишонламоқчи.
Сўралувчиларнинг 1 фоизи дўстлари билан вақт ўтказади; 2 фоизи севган инсони билан, деб жавоб берган. Яна 6 фоизи эса, афсуски, Наврўзни ёлғиз нишонлашни режалаштирмоқда. Респондентларнинг 10 фоизи байрамни иш жойида нишонлайди, чунки улар сменали жадвалда ишлайди.
Байрамни нишонлаш жойига келсак: 41 фоиз сўралувчилар — уйда, 28 фоиз — табиат қўйнида ёки шаҳар ташқарисида, 10 фоиз — зиёфатда, қолган 10 фоиз — ресторан ёки кафеда нишонлайди.
Табиийки, ҳеч бир байрам сарф-харажатларсиз бўлмайди. Маълум бўлишича, 29 фоиз респондентлар бу фикрга қўшилмайди, улар бу йил Наврўзга пул сарфлашни режалаштирмаган. Қолган 71 фоиз эса бу фикрга қўшилади. Улар ресторанга бориш, яқинларига совға бериш ёки байрам уюштириш учун ўртача 300 дан 600 минг сўмгача маблағ сарфлашни режалаштиришмоқда.
Ҳар йили ҳар бир уйда байрам дастурхони ёзилади. Анъанавий Тошкент палови ўзбек халқининг севимли байрам таомига айланган, уни респондентларнинг 42 фоизи танлади. Кейин сомса, ундан кейин қовурилган чучвара, чак-чак, гул-хоним ва қатлама ўрин олган. Шунингдек, респондентлар ўз вариантларини белгилаш имконига эга бўлди, улар орасида: кабоб, манти ҳамда Европа ва Корея таомлари мавжуд.
Бундан ташқари, респондентлар 5 кунлик таътилдан фойдаланишни ва мамлакат бўйлаб ёки чет элга саёҳат қилишни режалаштиришадими, деган саволга уларнинг 39 фоизи ижобий жавоб берган. 61 фоизи, ўз навбатида, йўқ, деган жавоб берди.
Аввалроқ Ўзбекистонда энг актуал касблар ва ўртача иш ҳақи кутилмаси хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда дипломга эга бўлмасдан қандай қилиб иш топиш мумкинлиги ҳақида хабар берилди.


