Ўзбекистон маҳаллий автомобиль бозорида сотувлар автотранспорт сотиб олганлик учун йиғим бекор қилиниши ҳисобига йил бошидан бери жадаллик билан ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Kommers.uz’га маълум қилди.
Марказ томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил февраль ойида 128,4 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди, бу 2021 йилнинг февраль ойига (51,5 минг) нисбатан 149,2 фоизга ва 2020 йил январь ойига (57,5 минг) нисбатан эса 123,2 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, 2022 йил январига нисбатан ўсиш суръати 13,4 фоизни ташкил этди.
Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг жадаллик билан ўсишини январь ойидан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида белгиланиши билан изоҳламоқда.
Жумладан, Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинчалик олиб киришда тўланадиган йиғим 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан бекор қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг февраль ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 28,8 минг донани ташкил этди. Автомобиль савдоси январь ойига нисбатан 3,2 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда ушбу кўрсаткич 99,6 минг донани ташкил этди (ўсиш 16,8 фоиз).
Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони январь ойига нисбатан Тошкент (63,2 фоиз), Қашқадарё (38,1 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (15,9 фоиз) сезиларли даражада ошган бўлса, Сирдарё (-27,8 фоиз), Фарғона (-22,3 фоиз), Наманган (-16,9 фоиз), Бухоро (-6,2 фоиз), Сурхондарё (-6,1 фоиз), Самарқанд (-4,8 фоиз), Жиззах (-1,9 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (-6,6 фоиз) камайиш кузатилди.

Таъкидланишича, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотди шартномалари сони 2,4 минг донани ташкил этиб, бу кўрсаткич январь ойига нисбатан 26 фоизга кўпайди (2021 йил февраль ойига нисбатан ўсиш 2,7 баравар).

Шунингдек, иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларини расмийлаштиришлар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Самарқанд — 12,5 минг (январь ойида — 9,7 минг), Фарғона — 11,8 минг (9 минг), Андижон — 10,2 минг (7,2 минг), Наманган — 9,4 минг (8,1 минг), Қашқадарё — 8,3 минг (6,4 минг) вилоятлари ва Тошкент шаҳри — 11,7 минг (13,6 минг) бўлди.
Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп автомобиль импорт қилаётган 10 та давлат хабар қилинганди. Шунингдек, январь ойида фойдаланилган машиналар савдоси ҳисобига жадал ўсиш кузатилгани ҳақида хабар берилди.


