Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

G20 мамлакатларида ЯИМ ўсиши Ҳиндистон сабаб секинлашди

ЯИМ ўсиши суръати 2021 йилнинг сўнгги чорагида 1,4 фоизни ташкил қилди.

Фото: «ibtimes.co.in»

G20 мамлакатларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши Ҳиндистон иқтисодиётининг ёмонлашуви туфайли 2021 йилнинг сўнгги чорагида 0,5 фоизга секинлашди. Бу ҳақда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг ҳисоботида маълум қилинди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ, 38 та давлатни бирлаштиради) ҳисоботига кўра, 2021 йилнинг тўртинчи чорагида G20 мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати июль-сентябрь ойларида 1,9 фоизга ўсганидан сўнг 1,4 фоизгача секинлашган.

Таъкидланишича, 2021 йил охирида G20 мамлакатларида ялпи ички маҳсулот ўсишининг секинлашиши асосан тўртинчи чоракда атиги 1,8 фоизга ўсган Ҳиндистон иқтисодиётининг ёмонлашуви билан боғлиқ (учинчи чоракда ўсиш суръати 13,7 фоиз бўлган).

Умуман олганда, 2021 йил давомида G20 мамлакатлари иқтисодиёти 6,1 фоизга ўсди. Туркия (+11 фоиз), Ҳиндистон (8,3 фоиз) ва Хитойда (8,1 фоиз) энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Япония ЯИМ энг кам — 1,6 фоизга ўсди.

Шунингдек, Европа Иттифоқида ҳам ЯИМ ўсиши секинлашди — 2,2 фоиздан 0,4 фоизгача. Иқтисодиёти ИҲТТ томонидан ЕИдаги энг йирик мамлакат деб аталадиган Германияда ЯИМ 0,3 фоизга қисқарди ва мамлакат тўртинчи чоракда салбий тенденция қайд этган ягона G20 давлатига айланди. Саудия Арабистони (1,6 фоизга) ва Туркияда (1,5 фоиз) ҳам ЯИМ ўсиши секинлашди.

Шунга қарамай, G20’нинг кўплаб мамлакатлари учинчи чоракка нисбатан ЯИМ ўсишининг тезлашишини қайд этди. АҚШда ЯИМ ўсиши 0,6 фоиздан 1,7 фоизга, Хитойда 0,7 фоиздан 1,6 фоизга, Индонезияда 0,1 фоиздан 3,9 фоизга ўсди.

Австралияда ЯИМ учинчи чоракда 1,9 фоизга пасайганидан кейин 3,4 фоизга ўсди; Жанубий Африкада ЯИМ 1,2 фоизга (1,7 фоизга пасайганидан кейин), Бразилияда 0,5 фоизга (0,1 фоизга пасайганидан кейин) ўсди. Мексика ЯИМ учинчи чоракда 0,7 фоизга пасайиш қайд этилгандан бери ўзгармади.

Бундан ташқари, 2021 йил ноябрь ойида ИҲТТ инфляцияси 25 йиллик энг юқори кўрсаткичга — 5,8 фоизга етди. Ташкилотдаги нархларнинг ошиши инфляция ўсиб бораётган АҚШ ва Евроҳудуддаги вазият билан изоҳланган.

Март ойида АҚШда йиллик инфляция 7,9 фоизни ташкил қилиб, 40 йиллик энг юқори кўрсаткичга етди. АҚШ президенти Жо Байден нархларнинг ошишини Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётига жавобан жорий этилган санкциялар билан боғлади. Россия расмийларининг хатти-ҳаракатлари туфайли ИҲТТ мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш бўйича музокараларни тўхтатди.

Аввалроқ февраль ойида жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари рекорд даражага етгани хабар қилинганди. Шунингдек, JPMorgan Россияни 1998 йилдаги каби иқтисодий инқироз хавфидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берилди.