Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Покистон ОАВларида Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи ҳақида 200 дан ортиқ мақола чоп этилди

Покистоннинг йирик нашрлари ва онлайн платформалар Ўзбекистон Президенти ташрифига юқори баҳо берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Покистон оммавий ахборот воситаларининг 20 февралдан 2 мартгача бўлган даврдаги мониторинги ва контент-таҳлили Ўзбекистон-Покистон муносабатлари ва ҳамкорлик истиқболларига оид материалларни чоп этишда юқори фаолликдан далолат беради.

Pakistan Today, Dawn, Pakistan observer, National Herald Tribune, The Diplomatic Insight, Associated Press of Pakistan, The Express Tribune, Ary News, The Dawn, Daily Ittihad, Eurasia diary, The Destination, Pakistan in the world, Lahore Herald каби йирик нашрлар ва онлайн платформаларда 200 дан ортиқ хабарлар ва мавзуга тегишли мақолалар чоп этилган.

1. Покистон медиа-ҳамжамиятида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор кучайтирилди, бу эса Тошкентнинг Марказий Осиёдаги мавқеини «мустаҳкамлаш»ни, давлатни минтақанинг интегратор ва асосий «боғловчи»сига айлантиришни таъминлади:

«Марказий Осиёга кириш эшиги бўлган Ўзбекистон минтақада ва ундан ташқарида ижтимоий-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгроқ интеграциялашувга ҳисса қўшди» (Pakistan observer).

Покистоннинг аксар онлайн ахборот ва янгилик порталлари Ўзбекистон нафақат МДҲ, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун ишбилармонлик марказига, балки сармоя, бизнес ва савдо учун жозибадор жойга айланганини таъкидлайди.

Қайд этилишича, глобал қарама-қаршиликнинг кучайиши ва бунинг натижасида минтақавий даражада тез ўзгариб бораётган «устуворликлар» ва пайдо бўлаётган «ёрилиш чизиқлари» минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш заруратини тобора долзарблаштирмоқда (National Herald Tribune).

Покистонлик кузатувчилар Марказий Осиё интеграцияси жараёнларида Ўзбекистоннинг бирлаштирувчи роли ва сўнгги йиллардаги ижобий натижаларга эътибор қаратиб, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда Тошкентга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидламоқда (Pakistan Today).

2. Икки томонлама муносабатларни шарҳлар экан, кузатувчилар Покистон ва Ўзбекистон узоқ вақтдан бери ягона маданий-гуманитар маконда ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлайди. Уларни маълум бир босқичда узилиб қолган умумий эътиқод, тарих ва маданиятнинг мустаҳкам ришталари боғлайди.

Таъкидланишича, айни пайтда томонлар ушбу алоқаларни тиклаш жараёнига киришди (The Dawn).

Маҳаллий экспертлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасида мустаҳкамланган ишончли ва дўстона муносабатларга алоҳида эътибор қаратмоқда, бу ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса, олий даражадаги мунтазам алоқалар, ҳукуматлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик туфайли Покистон ва Ўзбекистон бугун ҳақиқий стратегик шерикларга айланиб бораётгани алоҳида таъкидланмоқда (Pakistan observer).

Қайд этилишича, Пекиндаги учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари Покистон-Ўзбекистон шериклигини ҳар томонлама кўриб чиқиш, кўп томонлама ҳамкорликни амалий амалга оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратиш қатъиятини яна бир бор тасдиқлади.

Шу нуқтаи назардан, Покистон нашрлари Имрон Хоннинг Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан учрашувда барча соҳаларда, жумладан, савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика соҳалари ва одамлар ўртасида яқинроқ алоқаларни ўрнатиш қатъиятини билдирган сўзларини келтиради (The Diplomatic Insight).

Сиёсий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши фонида, покистонлик экспертлар таъкидлаганидек, «савдо-иқтисодий ҳамкорлик гуллаб-яшнамоқда». Сўнгги 5 йил ичида Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 36,5 миллион доллардан 2021 йилда 181,5 миллион долларга ўсди. 2019 йилда пандемиядан аввал Покистон Ўзбекистонга келган мусулмон сайёҳлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади (National Herald Tribune).

3. Бўлажак ташрифни, шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувлар, ҳукуматлараро комиссия, бизнес-форум, ўзбек матолари ва миллий либослари кўргазмаси, буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган анжуман натижаларини ёритган ҳолда, покистонлик кузатувчилар қуйидагиларни таъкидлайдилар:

«Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишининг самарали натижалари ҳақиқатда икки томонлама муносабатлар ривожини тезлаштирди. Яқин келажакда Мозори Шариф–Кобул–Пешовар темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича дала тадқиқотлари бошлангани бу борада ёрқин мисол бўла олади» (The Destination)

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи чоғида режалаштирилган имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ва транзит савдосини ривожлантириш, Афғонистон билан алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади» (National Herald Tribune)

«Март ойидаги ташриф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга илк ташрифи бўлади. Бу мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келиши билан янада рамзий маънога эга бўлди. Ташриф икки томонлама муносабатларнинг бутун спектрини қамраб олади» (The Express Tribune)

«Иккинчи Ўзбекистон-Покистон бизнес-форумининг муваффақиятли ўтказилиши икки томоннинг хусусий компанияларига янада кўпроқ сармоя киритиш учун янги имкониятлар очди» (Associated press of Pakistan)

«Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори, шунингдек, давлатлар ўртасидаги муносабатлар даражасининг энг асосий ва муҳим кўрсаткичларидан биридир» (Associated press of Pakistan)

«Томонлар давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш учун катта имкониятларга эга. Шу йилнинг 1 марти Исломободда Покистон ва Ўзбекистоннинг 100 га яқин вакиллари иштирокида ‘Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистоннинг янги стратегияси’ китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб тақдимоти рамзий маънога эга, чунки Президент Шавкат Мирзиёев ‘Ҳозирда Покистон амалга ошираётган ислоҳотларга ўхшаш кенг кўламли демократик ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширди’» (Urdu Point)

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ташрифи, шубҳасиз, икки қардош давлатни янада яқинлаштиради, икки томонлама ва минтақавий масалалардаги ҳамкорлиги ҳамда мувофиқлашуви янада мустаҳкамланади» (Lahore Herald)