Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 5сентябр · Шанба
USD 11 795,00 ▼ −18,09 EUR 13 698,71 ▲ +21,51 RUB 135,80 ▲ +0,19 GBP 15 917,35 ▼ −12,60
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш тартиби белгиланди

Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ масалалар юзасидан бир йилда камида бир марта мониторинг ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда ҳукумат қарори билан тасдиқланган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда сўз боради. 

Низомга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари қуйидаги шаклда ташкил этилади:

  • қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда пахта етиштириш;
  • пахта хомашёсини шартнома асосида фермер хўжаликлари ва бошқа пахта етиштирувчилардан сотиб олиш;
  • қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда пахта етиштириш ҳамда пахта етиштирувчилардан шартнома асосида сотиб олиш.

Пахта-тўқимачилик кластери бу бўйича Республика комиссияси қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун талабгор ихтиёрий равишда ҳар йили 10 сентябргача ЯИДХП орқали ариза билан мурожаат қилади.

Мурожаат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (вазирлик) томонидан 2 иш кунида кўриб чиқилади. Республика комиссияси талабгорларнинг аризаларини ҳар йили 1 октябргача кўриб чиқиб, қарор қабул қилади. 

Пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли ҳужжат қабул қилингач:

  • 3 иш кунида Вазирлик талабгорларни хабардор қилади;
  • 5 иш кунида талабгор билан 30 йил (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ёки чет эл юридик шахси бўлган тақдирда 25 йилгача бўлган) муддатга битим тузилади;
  • 3 иш кунида пахта-тўқимачилик кластери тегишли туман (шаҳар) ҳокими билан ер ижараси шартномаси тузади (кластер ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган тақдирда).

Шунингдек, ижарага олган ҳолда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери ўзига бириктирилган ерларни шахсларга 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага (уларни учинчи шахсга бериш ҳуқуқисиз) бериш ҳуқуқига эга. 

Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ масалалар юзасидан бир йилда камида бир марта мониторинг ўтказилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил кластерлар томонидан қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилгани очиқланганди.