Шавкат Мирзиёев ва Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайн икки давлат муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар Аммондаги Ал-Ҳусайния саройида кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтди.
Томонлар учрашувда имтиёзли савдо битимини имзолаш ва ўзаро савдо ҳажмини келгусида $500 млн га етказиш масаласига алоҳида тўхталди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари белгиланди.
Маданий алоқаларни ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий соҳада тажриба алмашиш, сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш ва қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш таклиф қилинди.
Томонлар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва “Ақаба жараёни” доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишди. Келишувлар ижросини таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилинади.
Мирзиёев Иордания қиролини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Жорий йилнинг март ойида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Қуда билан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича музокаралар жараёнини кўриб чиққанди.


