Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10октябр · Шанба
USD 11 897,90 ▲ +51,33 EUR 13 336,36 ▲ +95,45 RUB 140,18 ▲ +1,23 GBP 15 737,35 ▲ +105,80
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Кредит бўйича ортиқча тўловлар тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтирмаслик ва унга фоиз ҳисоблашни давом эттириш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид. Шунингдек, банкларнинг мобил иловаларида кредит тўловлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги қайд этилди.

Фото: ТАСС

Рақобат қўмитаси кредит тўловларини ҳисоблаш механизмини истеъмолчилар манфаатидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банкка таклифлар киритди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қўмитага келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда. Натижада асосий қарз камаймай, унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.

Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк ва Ҳамкорбанк кредит шартномаларида ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти белгиланган бўлсада, амалда бу талаб бажарилмаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, банкларнинг мобил иловаларида кредит тўловлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги қайд этилган.

Қўмита таъкидлашича, ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтирмаслик ва унга фоиз ҳисоблашни давом эттириш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид.

Амалдаги низомга кўра, шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ойлик тўловдан ортиқча келиб тушган маблағ асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит бўйича ҳисоб-китоб қайта амалга оширилиши керак. Банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса истеъмолчининг мажбуриятларини оширмаслиги лозим.

Шундан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси Марказий банкка банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомнинг ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-бандини истеъмолчилар манфаатидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, кредитни муддатидан олдин сўндириш шартларини бевосита «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солиш таклифи илгари сурилди.

Қўмита хорижий тажрибани ҳам мисол келтирган. Жумладан, АҚШнинг айрим банкларида мижозлар мобил иловадаги Principal Only функцияси орқали ортиқча тўловни бевосита асосий қарзга йўналтириши мумкин.

Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олинмайди. Қозоғистонда эса кредитни муддатидан олдин жаримасиз сўндириш, қисман тўлов амалга оширилганда банк билан келишилган ҳолда ойлик тўловни камайтириш ёки кредит муддатини қисқартириш имконияти мавжуд.

Европа Иттифоқида кредит муддатидан олдин сўндирилганда қолган муддатга тегишли фоиз ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган.