“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (НКМК) 2026 йил I ярмига оид молиявий ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот даврида НКМК соф тушумлари ҳажми 7 млрд 67 млн долларга етган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос давгидагига (4,7 млрд доллар) нисбатан 49,9 фоизга ўсган.
“Ўсишнинг асосий омили Лондон қимматбаҳо металлар биржасида олтин нархининг сезиларли даражада ошиши бўлди. Бунда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 1,51 млн трой унсияни ташкил этиб, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигига (1,54 млн трой унция) нисбатан 1,8 фоизга кам”, дейилади ҳисоботда.
Ярим йил давомида бир унция олтин ишлаб чиқариш харажатлари 1 647 доллардан тушган. Бу қиймат 2025 йил мос даврида 1 164 доллардан тўғри келган. Икки даврда таннарх қарийб 41,5 фоизга қимматлашган.
“Кўрсаткич ўсишининг асосий омили олтиннинг юқори нархлари фонида роялти (ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ) тўловлари кўпайиши (таннархнинг 31 фоизи) ҳамда инфляциянинг сарфланадиган материаллар қийматига таъсири бўлди”, дейилади таҳлилда.
Таннарх ўсишига “Мурунтов” конидаги инвестицион лойиҳа харажатлари ортгани ҳам сабаб сифатида келтирилган. Ўз навбатида олти ойда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан 6,1 фоизга мустаҳкамланиши олтин ишлаб чиқариш таннархини бир унция учун 101 долларга оширган. Бу умумий таннарх ўсишининг 8,7 фоизини ташкил этган.
Ҳисобот даврида компания соф фойдаси 2 млрд 382 млн долларни ташкил этиб, 2025 йил I ярмидагига нисбатан 57,2 фоизга кўпайган.
Маълумот учун, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар тўртталигига киради. Компания ер ости бойликлари захираларини геологик қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлашдан то тайёр маҳсулот олишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга ошириладиган саноат кластеридир. Компанияда 50 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим ишлайди. Ишлаб чиқариш инфратузилмаси Ўзбекистонда жойлашган 12 тадан ортиқ йирик конлар ва 10 та қайта ишлаш корхоналаридан иборат. НКМКнинг асосий активлари қаторига ресурс базаси 100 млн унсиядан ортиқ бўлган дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири “Мурунтов” кони киради.


