2027-2028 йилларда 4 та йирик корхона ва 1 та банк акцияларини IPO’га чиқариш режалаштирилмоқда.
“Ҳозирда уларни трансформация қилиш ва халқаро капитал бозорларига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 5 ноябр кунги хабарида.
Маълумот учун, рўйхатдаги компаниялардан “Ўзбектелеком” ва СҚБ акциялари Тошкент фонд биржасида эркин муомалада мавжуд, навбатдаги жойлаштириш улар учун иккиламчи (SPO) бўлади. UzAirways, МЭТ ва “Ўзбекгидроэнерго” эса илк марта ўз акцияларини оммавий савдоларга чиқаради.
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 15 июн куни давлат раҳбарига қилган тақдимотида бу бешта компанияни IPO’га тайёрлаш бўйича ишлар 2026 йилда якунланиши мақсад қилинганини айтганди. Йиғилишда UzAirways акцияларининг 15-20 фоизини 2026 йил охиригача IPO орқали сотиш режалаштирилаётгани айтилганди.
Мазкур 5 та компания – Миллий инвестиция жамғармаси портфелига киради. Жорий йилда жамғарманинг 35,45 фоиз акциялари Лондон ва Тошкент фонд биржаларида IPO орқали жойлаштирилиб, давлат бюджетига 692 млн доллар туширилди. Жамғармани АҚШнинг Franklin Templeton компанияси бошқармоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 5 ноябр кунги хабарида айтилишича, халқаро инвесторлар билан ҳамкорлик доирасида 14 октябр куни Тошкентда ўтказилган Investors Day тадбирида 250 нафардан ортиқ хорижий инвестор иштирок этган, уларнинг умумий инвестиция портфеллари қиймати 2,5 трлн доллардан ошган.
16 октябр куни эса Corporate Governance Day 2026 тадбири ташкил этилиб, унда корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг қуйидаги 6 та устувор йўналиши муҳокама қилинган:
- МҲХС асосида сифатли молиявий ҳисобот;
- корпоратив тақвимга риоя қилиш;
- KPI тизимини қайта кўриб чиқиш;
- узоқ муддатли молиявий моделлар;
- муҳим корпоратив функцияларни кучайтириш;
- корхона фаолиятини ошириш стратегияси.


