Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Телеграм канали хабар берди.
Қарорга кўра, 2027 йилдан давлат тиббиёт муассасаларида тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий сектордан аутсорсинг асосида харид қилишнинг янги тартиби жорий этилади.
Аутсорсинг шартномалари хизмат тури ва аутсорсер киритадиган инвестиция ҳажмига қараб 5 йилгача муддатга тузилади. Алоҳида ҳолларда, инвестициянинг қопланиш муддатидан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосаси асосида шартнома 10 йилгача муддатга тузилиши мумкин.
Янги тартиб жорий этилгунга қадар муддати тугайдиган аутсорсинг лойиҳаларини 2027 йил охиригача давом эттиришга рухсат берилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш тизимининг узоқ ва қисқа муддатли мастер-режаси асосида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг янги механизмлари жорий этилади:
- хусусий сектор ҳудуддаги тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж ва давлат ҳамда нодавлат тиббиёт муассасаларининг мавжуд қувватларини ҳисобга олган ҳолда жалб қилинади;
- давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган муассасалар давлат тасарруфида қолади;
- самарадорлигини ошириш ва замонавий клиник технологияларни жорий этиш зарур бўлган муассасаларга профессионал бошқарувчилар жалб этилади.


