Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Иқтисодиёт вазирлиги шакар нархларининг ўзгариши юзасидан маълумот берди

Биржа савдоларига қўйиладиган кунлик шакар ҳажмини 50 фоизгача ошириш бўйича келишиб олинган.

Фото: «financialtribune.com»

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сўнгги кунлардаги шакар нархларининг ўзгариши юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, сўнгги кунларда қўшни давлатлар, шунингдек, Россия ҳукумати томонидан шакар экспорти учун жорий қилинган чекловлар ва чакана савдо тармоғида кутилаётган узилишлар фонида ички бозорда ҳам шакар маҳсулотига сунъий талаб босимининг ошиши ҳисобига 15–17 март кунлари ўтказилган биржа савдоларида маҳсулот нархининг вақтинчалик ошиши кузатилди.

Қайд этилишича, ички бозорда шакарга бўлган йиллик эҳтиёж ўртача 600 минг тоннани ташкил этиб, республикада йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 750 минг тоннага тенг бўлган шакар ишлаб чиқарувчи «Хоразм шакар» (360 минг тонна) ва «Ангрен шакар» (390 минг тонна) корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Маҳаллий корхоналарнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ички истеъмол бозорини шакар маҳсулоти билан тўлиқ ва кафолатли таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, нарх ошиши шароитида шакар нархи барқарорлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган кунлик шакар ҳажмини 2022 йил март ойи бошидаги 1440 тоннадан 2200 тоннага ёки 50 фоизгача ошириш бўйича келишиб олинди.

Бундан ташқари, биржа савдоларидаги спекулятив ҳолатларни олдини олиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Хусусан, шакар маҳсулоти бўйича савдоларни бир савдо сессиясида ташкил этиш ҳамда ютиб олинган тикет бўйича битимларни кейинчалик бекор қилинишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари бўйича аванс тўловлари миқдори амалдаги 2 фоиздан 10 фоизгача оширилди.

Шунингдек, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилиш мумкин бўлган миқдор 20 тонна этиб белгиланди (олдин — 40 тонна бўлган).

Таъкидланишича, натижада 30 март куни ўтказилган биржа савдоларида шакар нархи жорий йил 17 мартга нисбатан 25 фоизга пасайган.

Хусусан, 2021 йилда республикага аҳоли ва ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжини 110 фоиз даражасида қоплаш имконини берадиган (96 фоиздан ортиқ қисми Бразилиядан, 1 фоизи Россиядан) шакар ва шакар хомашёси импорт қилинган.

Шунингдек, 2022 йил бошидан бугунги кунга қадар амалга оширилган шакар маҳсулотлари импорти ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга юқори.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан халқаро хорижий трейдерлар билан имзоланган шартномаларга асосан 2022 йил якунига қадар шакар хомашёсини етказиб бериш кўзда тутилган бўлиб, кафолатли етказиб бериш жараёни суғурталанган.

Ташқи бозорлардаги ўзгарувчан вазиятни инобатга олган ҳолда шакар хомашёсини узлуксиз етказиб беришнинг бир нечта йўналишлари ишлаб чиқилган ва синовдан ўтган.

Аввалроқ Ўзбекистон энг кўп шакар импорт қилаётган 5 та давлат ҳақида хабар берилганди.