Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10октябр · Шанба
USD 11 897,90 ▲ +51,33 EUR 13 336,36 ▲ +95,45 RUB 140,18 ▲ +1,23 GBP 15 737,35 ▲ +105,80
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши прогнозини 2026 йил учун 7,9 фоизгача оширди

Банк 2027 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини ҳам 6,7 фоиздан 7,5 фоизга оширди. Янги ҳисоботга кўра, иқтисодий ўсишни иш ҳақи ва бандликнинг ортиши, пул ўтказмалари ҳамда инвестициялар қўллаб-қувватламоқда.

Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши бўйича 2026 йил учун прогнозини апрель ойидаги 6,4 фоиздан 7,9 фоизга оширди. Бу аввалги прогнозга нисбатан 1,5 фоиз бандга кўп.

Янгиланган кўрсаткичлар 6 октябрь куни эълон қилинган «Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: Сунъий интеллект амалда — иш ўринлари, корхоналар ва унумдорлик» номли ҳисоботда келтирилган.

Жаҳон банки 2027 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини ҳам 6,7 фоиздан 7,5 фоизга оширди. 2028 йилда эса Ўзбекистон иқтисодиёти 7,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ҳисобот жадвалига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари орасида иқтисодий ўсиш суръати бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Фақат Қирғизистонда юқорироқ ўсиш — 9,6 фоиз бўлиши кутилмоқда. Жаҳон банки прогнозича, 2027 йилда Ўзбекистон 7,5 фоизлик ўсиш билан биринчи ўринга чиқади.

Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишини реал иш ҳақи ва бандликнинг ошиши, пул ўтказмалари ҳамда инфратузилма, энергетика ва уй-жойга инвестициялар ҳисобига сақланаётган ички талаб билан боғламоқда. Банк давом этаётган таркибий ислоҳотларнинг ҳам аҳамиятини қайд этган.

2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми 13 фоизга ошиб, шу давр учун рекорд даража — 9,2 млрд долларга етди. Тушумларнинг қарийб 70 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келди.

Олтин ҳисобга олинмаган ҳолда, Ўзбекистон экспорти Хитой ва Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга етказиб бериш кенгайгани ҳисобига қарийб 30 фоизга ўсди. Ҳисоботда қайд этилишича, олтин етказиб бериш камайгани сабабли умумий экспорт ҳажми қисқарган.

Ўзбекистон энергетика, рақамли инфратузилма ва саноатдаги йирик лойиҳаларни қўшган ҳолда, сезиларли миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда давом этмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитларни ўз ичига олган хорижий манбалар ҳисобидан молиялаштирилаётган инвестициялар мамлакатдаги жами инвестицияларнинг 70 фоизидан ошган.

Банк прогнозида 2026 йилда бюджет тақчиллиги деярли ўзгармай, ялпи ички маҳсулотнинг 2,2 фоизи даражасида қолиши келтирилган. Экспертлар ижтимоий ва инвестиция харажатларининг ошиши энергетика субсидиялари ҳамда давлат корхоналарига мақсадли кредитлар қисқартирилиши, шунингдек, бюджет даромадлари кўпайиши ҳисобига қопланишини кутмоқда.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда хусусий сектордаги иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи ҳануз норасмий. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич деярли ўзгармаган.

«Ҳозирги иқтисодий ўсиш меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли кўпайиб бораётгани шароитида расмий бандликни таъминлайдиган етарлича унумли иш ўринларини яратмаяпти», — деб қайд этган Марказий Осиё ҳақидаги ҳисобот муаллифлари.

Марказий Осиё ва ЕЦА минтақаси

Марказий Осиё Европа ва Марказий Осиё минтақасининг энг тез ривожланаётган субминтақаси бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки баҳосига кўра, 2025 йилда бу ерда иқтисодий ўсиш 7,1 фоизни ташкил этган, 2026 йилда эса 5,8 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Иқтисодиётни ички талабнинг барқарорлиги ҳамда транспорт ва энергетикага давлат инвестициялари қўллаб-қувватлаши давом этади.

2026 йилда Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган иқтисодиётлари орасида ўсишнинг энг юқори кўрсаткичлари яна Марказий Осиё мамлакатларида кутилмоқда: Қирғизистонда — 9,6 фоиз, Ўзбекистонда — 7,9 фоиз ва Тожикистонда — 7,5 фоиз. Қозоғистон иқтисодиёти 4,6 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

2027 йилда субминтақа ялпи ички маҳсулоти ўсиши 5,4 фоизгача, 2028 йилда эса 5,1 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда иқтисодий фаолликни ички талаб ва транспорт ҳамда энергетикага йўналтирилаётган давлат инвестициялари қўллаб-қувватламоқда. Ҳисоботда йирик лойиҳалар сифатида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли, Транскаспий транспорт йўлаги ва Роғун ГЭСи келтирилган.

Умуман олганда, Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида иқтисодий ўсиш 2025 йилдаги 2,6 фоиздан 2026 йилда 2,2 фоизгача секинлашади. Жаҳон банки буни энергия ресурслари нархининг юқорилиги, геосиёсий ноаниқлик ва асосий савдо ҳамкорларида ўсиш суръатининг пасайиши билан изоҳламоқда. Россияда иқтисодий ўсиш 0,8 фоиз, Россия ҳисобга олинмаган минтақада эса 3 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Жаҳон банки асосий хатарлар қаторида савдодаги узилишларнинг кучайиши, Украинадаги урушнинг давом этиши, энергия, транспорт ва ўғитлар нархининг ошиши, молиялаштириш шартларининг қатъийлашиши ҳамда экстремал об-ҳаво ҳодисаларини келтирган.

Сунъий интеллект ва меҳнат бозори

Ҳисоботнинг алоҳида бўлимида сунъий интеллект меҳнат унумдорлигини ошириш ва минтақада меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқаришига қарши курашишда қандай ёрдам бериши мумкинлиги таҳлил қилинган.

Минтақадаги ҳар бешинчи ходимнинг вазифалари сунъий интеллект таъсирига сезиларли даражада дучор бўлиши мумкин бўлган лавозимда ишлайди. Шу билан бирга, компанияларнинг ўндан биридан ками сунъий интеллектдан фойдаланади ва бу асосан оддий вазифалар билан чекланган.

Ўзбекистонда сунъий интеллект таъсиридан энг кўп маъмурий ва ёрдамчи вазифаларни бажарадиган хизматчилар ҳимояланмаган.

2026 йилда «Ўзбекистонни тинглаб» сўровининг март ойидаги натижаларига кўра, мутахассисларнинг 48 фоизи ва раҳбарларнинг 43 фоизи ишда сунъий интеллектдан фойдаланади. Офис ходимлари орасида — вазифаларининг энг катта қисми сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилиши мумкин бўлган гуруҳда — бу кўрсаткич 27 фоизни ташкил этади.

Шу билан бирга, вазифаларини сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштириш имконияти деярли нолга тенг деб баҳоланадиган касб вакиллари ҳам ундан фойдаланади. Масалан, малакаланмаган меҳнат билан шуғулланувчи ходимларнинг 16 фоизи бу ҳақда маълум қилган.

Муаллифлар автоматлаштириш имконияти билан сунъий интеллектдан амалда фойдаланиш ўртасидаги тафовутни асосий рақамли кўникмалар етишмаслиги билан изоҳлаш мумкинлигини таъкидлайди. Сўровнинг кейинги босқичларидан бирида ишлаётган респондентларнинг қарийб 39 фоизи бошқалар ёрдамисиз телефон ёки компьютерда файлни нусхалай ёки бошқа жойга кўчира олмаслигини айтган.

Жаҳон банки мамлакатларга базавий, рақамли ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, ҳисоблаш қувватларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда ходимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини тайёрлашни тавсия қилди. Сунъий интеллект билан ишлаш учун мутахассисларни чуқур тайёрлашга қаратилган тармоқ дастурларини амалга ошираётган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам қайд этилди.