Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланишига ишонаман. Бу маскан меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросимда Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, «CAMC Engineering» компанияси бош директори Ли Хайсин, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва ёш спортчилар сўзга чиқиб, шаҳарчанинг бўлажак шароитлари ва аҳамияти ҳақида гапирган.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.
Кутилаётган анжуманлардан энг нуфузлиси Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларидир. Бу мусобақалар 2025 йилда Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.
Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйди.
«Мамлакатимизда ҳамма соҳаларда лойиҳалар, иморатлар кўпайяпти. Буларнинг замирида буюк халқимизнинг буюк меҳнати ётибди, буюк халқимизнинг нияти, эртанги кунга ишончи ётибди. Худо хоҳласа, бундай лойиҳалар яна кўп бўлади», – деб таъкидлади давлат раҳбари.
Аввалроқ Президент тўқимачилик индустрал зоналари инфратузилмасига 200 млрд сўм йўналтирилганини айтиб ўтганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар бергандик.


