Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўртасида мобил телефон рақами орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш тартиби белгиланди. Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори 24 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.
Янги тартибга кўра, фуқаролар пул юборишда олувчининг банк ҳисобварағи ёки карта реквизитларини киритиши шарт бўлмайди. Бунинг учун олувчининг мобил телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланган бўлиши керак. Пул ўтказмаси Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилади.
Телефон рақами ҳисобварақ билан қандай боғланади?
Фойдаланувчининг банк мобил иловасида рўйхатдан ўтган телефон рақами тегишли банк ҳисобварағига боғланади. Бир банк доирасида битта мобил телефон рақамини фақат битта банк ҳисобварағига бириктиришга рухсат этилади.
Боғлаш жараёни якунлангач, махсус “боғлаш коди” шакллантирилади ва у банк мобил иловасида фойдаланувчига кўрсатилади. Фуқаро телефон рақамини ҳисобварағига боғлашни исталган вақтда мобил илова орқали ёки банкка бевосита мурожаат қилиб бекор қилиши мумкин.
Агар фойдаланувчи банк мобил иловасида янги телефон рақамини рўйхатдан ўтказса, аввалги рақам автоматик равишда янги рақамга алмаштирилади.
Пул қандай ўтказилади?
Пул юборувчи банк мобил иловасидаги тегишли майдонга олувчининг телефон рақами ёки “боғлаш коди”ни киритади. Шундан сўнг Тезкор тўловлар тизими олувчининг ҳисобварағи ҳақидаги маълумотларни аниқлайди.
Ўтказмани тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига олувчининг Ф.И.О., банки ва воситачилик ҳақи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Шундан кейингина тўловчи ўтказма амалга ошириладиган банкни танлаб, операцияни тасдиқлайди.
Мобил илова орқали амалга ошириладиган бундай ўтказмалар 24/7 режимида ва реал вақтнинг ўзида бажарилади. Банкка бевосита мурожаат қилиб амалга ошириладиган ўтказмалар эса банкнинг иш кунлари ва иш вақтида бажарилади.
Хавфсизлик талаблари ҳам белгиланади
Қоидаларда телефон рақами асосидаги ўтказмаларни амалга оширишда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва фирибгарликнинг олдини олиш бўйича амалдаги талабларига риоя этиш мажбурийлиги белгиланган.
Ўтказма муваффақиятли амалга оширилгач, тўловчига операцияни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Унда ўтказма санаси ва вақти, тўлов тизимидаги рақам, банклар номи, тўловчи ва олувчининг маълумотлари, ўтказма ҳамда воситачилик ҳақи суммаси каби маълумотлар акс эттирилади.
Шу тариқа, янги тизим ишга тушгач, фуқароларга бошқа шахсга пул юбориш учун унинг банк реквизитларини излаб, киритиш ўрнига телефон рақамидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Ўзбекистонда март ойида банклар ўртасида Account-to-account (А-А) хизмати ишга туширилганди. Ушбу хизмат жисмоний шахсларга бир банк ҳисобварағидан бошқа банк ҳисобварағига тўғридан тўғри пул ўтказиш имконини беради.


