Жорий йилнинг саккиз ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8% дан 3,9% гача камайди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
2026 йил учун 1,1 млн кишини ёки 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳамда камбағаллик даражасини 5,8% гача қисқартириш вазифаси белгиланган эди. Саккиз ой давомида ижтимоий реестрга киритилган 515 минг оила учун индивидуал режалар ишлаб чиқилди.
Ушбу режалар доирасида 390 минг кам таъминланган оилага даромадларини оширишга қаратилган бандлик соҳасидаги 554 мингта хизмат кўрсатилди. 160 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 67 минг киши имтиёзли кредит ва субсидиялар олди, 304 минг киши тадбиркорликка жалб қилинди, яна 22 минг киши касб-ҳунарга ўқитилди.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан қарийб 55 мингта микролойиҳа ишга туширилди. Улар орқали 164 минг кишининг даромади оширилди. Кам таъминланган оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 700 млрд сўмлик кредит ҳамда 77 млрд сўмлик ссуда ва субсидиялар ажратилди.
1800 дан ортиқ кам таъминланган оилага кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш учун ўрмон фондининг 1,4 минг гектар ери ижарага берилди. Вазирлик қайд этишича, бу оилаларга ўз меҳнати орқали даромад олиш имконияти яратилди.
Кам таъминланган оилалар фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 125 минг нафар бола қўшимча тўгаракларга жалб қилинди ва бунинг учун буджетдан қарийб 130 млрд сўм йўналтирилди. Яна қарийб 50 минг бола ИТ, хорижий тиллар, электрон тижорат, СММ ва график дизайн йўналишларида бепул таълим олди.
Германия ташкилотлари билан ҳамкорликда оғир шароитдаги 37 та тумандаги 89 та техникумда қарийб 1600 нафар ўқувчи тадбиркорлик йўналишида таҳсил олишни бошлади.
Тиббий ёрдам доирасида ижтимоий реестрга киритилган 351 минг фуқаро даволанди. Қарийб 8,5 минг киши жарроҳлик амалиётини ўтказиб, тиклангач меҳнат бозорига чиқарилди.
33 та туман ва 330 та маҳаллада, шунингдек, оғир шароитдаги 37 та туман ва 915 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш учун жами 7,7 трлн сўм йўналтирилди. Маблағлар ичимлик суви, электр таъминоти, йўллар, ижтимоий объектлар ва бошқа инфратузилмани яхшилашга сарфланади.
Натижада 49 та туман ва 3500 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудларга айлантирилди. Шу билан бирга, йил охиригача қўшимча вазифалар белгиланди: 350 минг кишини ишга жойлаштириш, яна 1 млн кишининг даромадини ошириш ва 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш.
Бунинг учун аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган янги диагностика тизими жорий этилади. Унга кўра, аввало, муайян фуқаронинг ишсизлиги ёки камбағаллиги сабаблари аниқланади, сўнг тегишли ечим белгиланади.
Тизим бир неча босқичда ишлайди. Дастлаб ҳоким ёрдамчиси хонадонма-хонадон юриб, вазиятни ўрганади ва маълумотларни «Онлайн-маҳалла» платформасига киритади. Кейин ишсизлик ёки камбағаллик сабаблари аниқланиб, индивидуал режа тузилади. Шундан сўнг сунъий интеллект ёрдамида фуқаролар тоифаларга ажратилиб, маҳалла «еттилиги»нинг тегишли ходимига бириктирилади. Индивидуал режа маҳалла «еттилиги» томонидан жамоавий тасдиқланади ва ҳар чоракда янгиланади.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида ҳокимият оилалар билан индивидуал ишлашни, даромад манбаларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инсон капиталини ошириш ва муаммоли ҳудудларни комплекс ривожлантиришни давом эттиради.
«Бизнинг асосий мақсадимиз камбағалликни вақтинча қисқартириш эмас, балки оилани барқарор даромадга олиб чиқиш, унинг яна камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олиш ва энг муҳими, аҳоли фаровонлигини таъминлашдир», — дея таъкидлади Бандлик вазирлиги.


