8 октябрь куни Ўзбекистоннинг энг йирик маркетплейси — Uzum Market ишида узилишлар юз берди. Ижтимоий тармоқларда маркетплейс ишламаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, пайшанба куни тизимларни режали янгилаш жараёнида техник носозлик юзага келган. Шу сабабли хизматларнинг бир қисми вақтинча ишламаяпти.
«Ҳозир жамоамиз муаммони бартараф этиш устида ишламоқда ва хизматлар фаолиятини кун давомида тиклашни режалаштирганмиз», — дейилади маркетплейс хабарида.
Шу билан бирга, буюртмаларни топшириш пунктларида сақлаш муддатлари узайтирилди, сотувчиларнинг эса товарларни омборларга жўнатиш учун белгиланган вақти бошқа муддатга кўчирилди. «Харидорлар ва сотувчилардан узр сўраймиз. Ишларнинг бориши ҳақида маълумот бериб борамиз», — дея хулоса қилинган изоҳда.
Detector404 хизмати маълумотларига кўра, Uzum Market маркетплейси тизимида техник носозликлар бўйича биринчи шикоятлар 8 октябрь куни эрталаб пайдо бўлган.
Бир сутка ичида носозликлар бўйича камида 26 та мурожаат келиб тушган. Муаммолар мобил илова ва сайт фаолиятида кузатилган. Фойдаланувчилар шахсий кабинетига кира олмаётгани, буюртма расмийлаштириш ёки уни қабул қилиш, шунингдек, маҳсулотлар рўйхатини кўришда қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида хабар берган.


