Anorbank акциядори Қаҳрамонжон Олимов 2 октябрь куни банк кузатув кенгаши таркибидан чиқиш ҳақида ариза берди, дея хабар қилди банк матбуот хизмати. Ушбу масала 28 октябрь куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.
5 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда акциядорлар 100 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқарилишини маъқуллади. Банк шу йўл билан инвестицияларни жалб қилиш ва капитални мустаҳкамлашни, шунингдек, аввалроқ рейтингнинг туширилишига сабаб бўлган омилларни бартараф этишни режалаштирмоқда.
«Капитализация режасининг бажарилиши энди алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолатларга қарам бўлиб қолмаслиги керак», — дейилади хабарда.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда Anorbank акцияларни чиқариш учун зарур бўлган қонунчилик ва корпоратив жараёнлардан ўтмоқда.
Anorbank одатдагидек режимда ишлашда, мижозлар олдидаги мажбуриятларни бажаришда ва асосий банк хизматлари фаолиятини таъминлашда давом этаётганини билдирди.
Fitch Ratings 8 октябрь куни Каҳрамонжон Олимов билан боғлиқ вазият сабабли капитални тўлдириш атрофидаги ноаниқликни важ қилиб, Anorbank рейтингини CCC+ дан CCC даражасига туширди.
Аввалроқ Интерпол сайтида Қаҳрамонжон Олимовнинг «қизил билдиришномаси» — уни қидирувга бериш ва экстрадиция қилиш масаласини ҳал этиш учун вақтинча ҳибсга олиш сўрови туширилган карточкаси эълон қилинган эди. Шу билан бирга, карточкада айблов ва сўров юборган давлат кўрсатилмаган.
Қидирув ҳақидаги хабарлардан сўнг Anorbank маълумотлар акциядорлардан бирининг шахсий ишларига тегишли экани ва банкнинг капитали, бошқаруви ёки операцион фаолиятига алоқадор эмаслигини билдирди. Марказий банк ҳам ўшанда Anorbank одатдаги режимда ишлаётгани ва мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажараётганини маълум қилган эди.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрининг аввал эълон қилинган маълумотларига кўра, Anorbank акцияларининг 49,4 фоизи Олимовга, 50 фоизи Нидерландиянинг Bekamin B.V. компаниясига, 0,6 фоизи эса Kapital Sug’urta суғурта компаниясига тегишли бўлган.


