Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон экспорти етти ойда 3,6 фоизга камайди

2026 йил январь-июль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 49,5 млрд долларга етди. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврига нисбатан 3,7 млрд долларга ёки 8,1 фоизга ортди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистонда олтин сотуви қисқариши умумий экспорт тушумлари пасайишига олиб келмоқда. Импорт улуши эса етти ойда 18 фоизга яқин ўсди.

Экспортда қисқариб, импорт сезиларли ортди

2026 йил январь-июль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 49,5 млрд долларга етди. Статистика қўмитаси мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврига нисбатан 3,7 млрд долларга ёки 8,1 фоизга ортганини маълум қилди. Ўсиш импорт кўпайиши ҳисобига юз берган.

Етти ойда экспорт тушумлари 19,9 млрд долларни (камайиш 3,6 фоиз), импорт ҳажми 29,6 млрд долларни (ўсиш 17,8 фоиз) ташкил этган. Натижада 9,7 млрд долларлик ташқи савдо тақчиллиги юзага келган.

“Олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,7 фоизга ўсиб, 9,8 млрд долларни ташкил қилди”, дея ҳолатни изоҳлаган қўмита.

Асосий савдо ҳамкорлар

Ўзбекистон Хитой билан етти ойда энг йирик миқдорда — 11,26 млрд долларлик олди-сотди қилган. Шундан бор-йўғи 1,7 млрд доллари ёки 15 фоизи экспорт, қолган қарийб 9,56 млрд доллари (85 фоиз) импорт ҳиссасига тўғри келган.

Кейинги йирик савдолар Россия билан амалга оширилган бўлиб, икки давлат ўртасида 8,12 млрд долларлик товар ва хизматлар савдолашилган. Шунинг 2,8 млрд доллари Ўзбекистон экспорти, 5,3 млрд доллари импорти ҳисобланади.

Учинчи асосий ҳамкор мамлакат қўшни Қозоғистондир. Етти ойда икки давлат 3,26 млрд долларлик олди-сотди қилган. Шунинг 868 млн доллари Ўзбекистон экспорти, 2,4 млрд доллари эса импорти ҳиссасига тўғри келган.

Умуман олганда, мамлакатнинг асосий ҳамкорлари билан савдоларида импорт улуши экспортдан кўра сезиларли юқорилигича қолмоқда.

Нималар экспорт қилинди?

Ўзбекистон экспортида хизматлар улуш жиҳатдан пешқадамлик қилмоқда. Авваллари олтин сотувлари экспорт тушумларининг учдан бир қисмини ташкил этган бўлса, энди бу ўринни хизматлар эгаллади. Етти ой давомида хориждан 7,3 млрд долларлик (ўсиш 35,3 фоиз) хизматлар тушумлари амалга оширилган. Мазкур кўрсаткич умумий экспортнинг қарийб 36,8 фоизига етган. Жумладан, тушумларнинг 3,94 млрд доллари туризмдан, 2,3 млрд доллари транспорт хизматларидан келган.

Кейинги йирик экспорт улуши саноат товарлари сотувига тегишли — 2,86 млрд доллар (ўсиш 22,4 фоиз). Шундан 1,15 млрд доллари (ўсиш 26,3 фоиз) тўқимачилик маҳсулотлари, 1,04 млрд доллари (ўсиш 7,8 фоиз) рангли металлардан тушум қилинган.

Ўзбекистон январь-июль ойларида 2,8 млрд долларлик олтин экспотини амалга оширди. Бу кўрсаткич 2025 йил мос давридагига нисбатан 2,7 бараварга кам. Қимматбаҳо металл сотувининг кескин қисқариши умумий экспорт кўрсаткичларида сезиларли акс этган.

Ўз навбатида етти ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 1,5 млрд долларга етган (ўсиш 2,3 фоиз). Бунда сабзавотлар ва мевалар улуши энг кўп бўлган — 1 05 млрд доллар (пасайиш 4 фоиз).

Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари сотувидан 931,5 млн доллар тушум қилинган (ўсиш 5,4 фоиз). Шунинг 515,9 млн доллари (ўсиш 51,2 фоиз) нефть ва нефть маҳсулотлари, 279,7 млн доллари (пасайиш 36,2 фоиз) табиий сотувидан келган.

Шу билан бирга, етти ойда 1,55 млрд долларлик (ўсиш 35 фоиз) кимёвий воситалар экспорт қилинган. Мазкур таркибда ноорганик кимё моддалари улуши юқори шаклланган — 944,8 млн доллар (ўсиш 47,2 фоиз).

Импорт қилинган товар ва хизматлар

Ўзбекистон энг кўп импортининг энг катта улушини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналар хариди ташкил этмоқда. Мамлакатга етти ойда четдан мазкур турдаги маҳсулотлардан 9,7 млрд долларлик (ўсиш 20 фоиз) сотиб олинди. Бунда автомобиллар улуши 2,4 млрд доллар (ўсиш 27,9 фоиз), электр машиналари, аппаратлари ва жиҳозлари хариди эса 1,6 млрд долларни (ўсиш 38,1 фоиз) ташкил этган.

Ҳисобот даврида хориждан 3,3 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар сотиб олинган. Бунда энг катта улушни донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар импорти ташкил этган — 864,9 млн доллар (ўсиш 60,7 фоиз). Кейинги ўринларда гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари хариди 574 млн долларни (ўсиш 36,7 фоиз), шакар, шакардан тайёрланган маҳсулотлар ва асал сотиб олиниши 434 млн долларга тушган (ўсиш 51,2 фоиз).

Ҳисобот даврида 2,5 млрд долларлик минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорт қилинган (ўсиш 10,7 фоиз). Хусусан, чет элдан 1,33 млрд долларлик (ўсиш 15,1 фоиз) нефть ва нефть маҳсулотлари сотиб олинган. Шунинг 426 млн долларини (ўсиш 60,8 фоиз) бензин импорти ташкил этган. Ўз навбатида хориждан қарийб 1 млрд долларлик табиий газ импорт қилинган (ўсиш 8,2 физ).

Кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти 3,6 млрд доллар бўлиб (ўсиш 15,6 фоиз), шунинг 1,1 млрд доллари тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.

Импортнинг 4,4 млрд доллари (ўсиш 10,1 фоиз) саноат товарлари ташкил этган. Жумладан, етти ойда четдан 1,7 млрд долларлик чўян ва пўлат, 612,9 млн долларлик рангли металлар сотиб олинган.

Ўз навбатида 3,6 млрд долларлик хизматлар импорт қилинган (ўсиш 13,3 фоиз). Бунда 1,57 млрд долларни туризм, 989,6 млн долларни транспорт хизматлари ташкил этган.