Тўққиз ойда хориждаги ўзбекистонликларнинг 850 минг доллар маоши ундириб берилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Агентликка 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида маош ва компенсациялар бўйича 817 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, чет эллик иш берувчилардан ўзбекистонликлар фойдасига жами 850 минг АҚШ доллари ундириб берилди. Ушбу ҳолатларнинг асосий қисми, яъни 533 таси Россия Федерациясига, 155 таси Туркияга, 92 таси Жанубий Кореяга ҳамда 37 таси бошқа давлатларга тўғри келади.
Шунингдек, агентлик аралашуви билан воситачилар ва хорижий иш берувчилар томонидан ноқонуний олиб қўйилган 532 нафар ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтарилди. Ҳужжатларни олиб бериш бўйича энг кўп ҳолатлар Россия (331 та) ва Туркияда (185 та) қайд этилган. Шунингдек, Қозоғистон ҳамда Жанубий Кореяда ҳам шундай ҳолатлар ижобий ҳал этилган.
Маълумот учун, 2026 йилнинг январь—июнь ойларида чет элдан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари миқдори 13 фоизга кўпайиб, 9,3 миллиард долларга етганди.
Юборилаётган пулларнинг кўпайишига чет элда ишлаётган фуқароларнинг ойлик маошлари барқарор сақланиб қолгани ва айрим давлатлар пулининг қадри ошгани сабаб бўлган. Шунингдек, ўзбекистонликлар фақатгина анъанавий давлатларга эмас, балки Европа ва Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ишлаш учун кўпроқ бора бошлаган.


