«Тошкент» Республика фонд биржасида 28 сентябрдан бошлаб валюта облигациялари савдоси бошланди, дея хабар берди биржа матбуот хизмати.
Asia Alliance Bank 10 сентябрь куни Ўзбекистонда валюта корпоратив облигацияларини чиқаришни рўйхатдан ўтказган биринчи эмитент бўлди. У ҳар бирининг номинал қиймати $100 бўлган 200 минг дона қимматли қоғозни жойлаштиради.
Облигациялар биржада AAB1B3U тикери остида 1095 кун (3 йил) давомида муомалада бўлади. Купон ставкаси ҳар чоракда тўланадиган йиллик 7% ни ташкил этади.
Universalbank 100 минг дона валюта облигацияларини чиқарди, уларнинг ҳар бирининг қиймати ҳам $100 ни ташкил этади. Улар Тошкент фонд биржасида UNVB1B2U тикери остида жойлаштирилган.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги апрель ойида Ўзбекистон бозорида валюта облигациялари муомаласи тўғрисидаги низомни тасдиқлаган эди. Ҳужжат хорижий валютадаги облигацияларни чиқариш, уларни капитал бозоридаги «қумдон» (сандбох) доирасида жойлаштириш, муомалага чиқариш ва сўндиришни тартибга солади.
Битта компания бир вақтнинг ўзида муомалада 50 млн доллардан ортиқ бўлмаган миқдордаги валюта облигацияларига эга бўлиши мумкин. Таъминланмаган облигацияларни чиқаришга фақат эмитентнинг ўз капитали доирасида йўл қўйилади. Агар ундан ошиб кетса, компания («юқори кредит рейтингига эга бўлган алоҳида банклар»дан ташқари) чегарадан юқори қисми учун таъминот тақдим этиши керак.
Облигациялар бўйича таъминот сифатида кўчмас мулк, пул, банк кафолатлари ёки суғурта полиси хизмат қилиши мумкин. Кўчмас мулк объектлари бозор нархи бўйича мажбурий равишда баҳоланиши лозим ва чиқарилишнинг баҳоланган қийматининг 75% идан кўп бўлмаган қисмини таъминлаш учун қабул қилинади, бунда уларнинг таъминотдаги улуши 50% дан ошмаслиги керак.
Шунингдек, низом валюта облигацияларини чиқариш учун молиявий шартларни (ковенантларни) белгилайди. Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан валюта облигацияларини фақат банк тизими орқали сотиб олиш талаблари белгиланади.


