Бугунги кунда Ўзбекистонда уч даражали пенсия тизими мавжуд. Биринчи даража — давлат пенсияси бўлиб, уни Пенсия жамғармаси амалга оширади. Иккинчи ва учинчи даражалар эса жамғариб бориладиган ҳамда хусусий ёки корпоратив пенсия механизмларини назарда тутади. Ҳозирда жамғариб бориладиган тизим Халқ банки орқали амалга оширилмоқда.
Давлат пенсияси ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини алоҳида кўриш керак. Улар бир-биридан мустақил тизимлар ҳисобланади.
“Давлат пенсиясида фуқаронинг пенсия ҳуқуқи иш берувчи томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ҳисобидан шаклланади. Жамғариб бориладиган тизимда эса фуқаро ўз маблағи ҳисобидан жамғаради ва шу орқали келгусидаги пенсия ҳуқуқини шакллантиради”– деди Сардор Файзуллаев.
Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига киритилган маблағ фуқаронинг мулки ҳисобланади. У келгусида мерос қилиб қолдирилиши ҳам мумкин.
Кам даромадли фуқароларга давлат қўшимча маблағ беради
Янги лойиҳада аҳолининг кам даромадли қисмини ихтиёрий равишда пенсия учун жамғаришга рағбатлантириш механизми таклиф қилинмоқда. Хориж амалиётида бу matching contribution деб аталади — фуқаро жамғарган маблағининг маълум қисми давлат томонидан ҳам қўшиб берилади.
Масалан, фуқаро ойига 1,5 млн сўм иш ҳақи олса ва унинг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказса, бу 75 минг сўмни ташкил қилади. Таклиф этилаётган механизмга кўра, давлат ушбу сумманинг 50 фоизи — 37,5 минг сўмни қўшиб беради.
Шунда фуқаронинг ҳисобварағига бир ойда жами 112,5 минг сўм тушади.
“Асосий мақсад — кам даромадли фуқароларни жамғаришга рағбатлантириш” – деди жамғарма масъули.
Жамғарма узоқ муддат давомида сақланса, инвестиция даромади ва мураккаб фоиз механизми ҳисобига унинг миқдори ошиб бориши кўзда тутилмоқда.
Жамғарилган пулни исталган вақтда ечиб олиш мумкинми?
Жамғариб бориладиган пенсия маблағи фуқаронинг мулки бўлса-да, уни исталган вақтда ва исталган мақсадда ечиб олиш имконияти берилиши режалаштирилмаган.
Лойиҳада ҳозирча маблағни муддатидан олдин олишнинг айрим ҳолатлари назарда тутилмоқда. Жумладан, фуқаро ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаш учун ёки катта харажат талаб қиладиган оғир касаллик ва операция ҳолатларида жамғармасидан фойдаланиши мумкин.
“Ҳозирча лойиҳада маблағни қайтариб олишнинг асосан иккита варианти кўриб чиқилмоқда: ипотека бўйича бошланғич тўлов ва катта харажат талаб қиладиган оғир касаллик ҳолатлари”, – деди Файзуллаев
Машина ёки бошқа мол-мулк сотиб олиш каби оддий истеъмол мақсадлари учун жамғармани муддатидан олдин ечиб олиш имконияти ҳозирча таклифда кўзда тутилмаган.
Пенсияга чиққанда барча пул бирдан берилмайди
Жамғарилган маблағ фуқаро пенсия ёшига етгач, унга бир йўла тўлаб берилмайди. Маблағ фуқаронинг пенсияга чиққан пайтдаги ўртача умр кўриш давомийлиги бўйича ҳисобланиб, ойма-ой тўланиши режалаштирилмоқда.
Яъни жамғарилган сумма маълум даврга бўлинади ва фуқаро давлат пенсиясига қўшимча равишда жамғариб бориладиган пенсия тўловини ҳам олади.
“Жамғарилган маблағ умр кўриш давомига бўлинади. Натижада фуқаро давлат пенсиясига қўшимча равишда жамғариб бориладиган пенсия тўловини олади”– деди Сардор Файзуллаев.
Файзуллаевнинг таъкидлашича, халқаро амалиётда ҳам пенсия тизими одатда бир нечта компонентдан ташкил топади: давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда хусусий ёки корпоратив пенсия.
“Фақат давлат пенсиясига таяниб, тизимнинг мутлақ барқарорлигини таъминлаган хорижий давлат мавжуд эмас.
Жамғариб бориладиган ва тақсимловчи, яъни давлат пенсиясининг комбинацияси фуқарони кексаликда муносиб пенсия билан таъминлашга ёрдам беради”- деди Файзуллаев.
Юқори даромад олувчилар учун қандай механизм таклиф қилинмоқда?
Лойиҳада юқори даромад оладиган фуқаролар учун ҳам алоҳида механизм кўзда тутилган.
Бугунги таклифга кўра, пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан юқори, яъни 7,6 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи оладиган фуқароларнинг 7,6 млн сўмдан юқори қисмидан 1 фоиз жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади.
Масалан, фуқаронинг иш ҳақи 10 млн сўм бўлса, 7,6 млн сўмдан ортиқ қисми 2,4 млн сўмни ташкил қилади. Унинг 1 фоизи — 24 минг сўм — фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Бир йилда бу 288 минг сўм бўлади.
Бунинг сабаби — пенсия тайинлашда 7,6 млн сўмгача бўлган иш ҳақи миқдори ҳисобга олиниши режалаштирилаётгани билан изоҳланмоқда. 7,6 млн сўмдан юқори даромад пенсияни ҳисоблашда иштирок этмайди.
“Юқори иш ҳақи оладиган фуқароларнинг келгусидаги пенсияси юқорироқ бўлишини таъминлаш мақсадида қўшимча рағбатлантириш механизмлари киритилмоқда”– деди Файзуллаев.
Жамғарма инфляция сабаб қадрсизланиб қолмайдими?
Жамғарилган маблағнинг инфляция сабаб реал қиймати камайиб кетмаслиги учун уни шунчаки ҳисобварақда сақлаб туриш эмас, балки молиявий инструментларга жойлаштириш ва ундан қўшимча даромад олиш механизми таклиф қилинмоқда.
Бироқ бунда даромаднинг қандай кафолатланиши масаласи ҳам муҳим.
Пенсия жамғармаси вакилининг айтишича, жамғарилган маблағ бўйича камида инфляция даражасида индексация кафолати берилиши кўзда тутилмоқда.
Жамғарилган маблағ миқдори кафолатланади. Яъни инфляция даражасида ҳеч бўлмаганда индексация қилиниши кафолатланади.
Юқори даромадли фуқароларга давлат томонидан 50 фоизлик қўшимча тўлов берилмаслигининг сабаби эса давлат томонидан асосий қўллаб-қувватлаш кам даромадли аҳоли қатламига қаратилаётгани билан изоҳланмоқда.
“Бизнинг асосий мақсадимиз — кам даромадлиларни қўллаб-қувватлаш. Чунки юқори даромад оладиган фуқароларда қўшимча жамғариш учун бошқа инструментлардан фойдаланиш имконияти бор”– деди Сардор Файзуллаев.


