Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тошкентдаги кўп қаватли уйларда Жаҳон банки мутахассислари иштирокида энергия аудити ўтказилади

Аудит натижалари асосида Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларни самарали иситиш методологиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унда биноларнинг техник ҳолати, энергия самарадорлиги, иссиқлик йўқотиш даражаси ва бошқа техник кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Тошкент шаҳрида 21 сентябрдан бошлаб Жаҳон банки мутахассислари кўмагида кўп квартирали уйларда комплекс энергия аудити ўтказилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги хабар берди.

Энергия аудити ўтган иссиқлик мавсумида белгиланган меъёрий талабларга мувофиқ иситилмаган кўп квартирали уйларда ташкил этилади. Тегишли уйлар Тошкент шаҳри ҳокимининг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бошчилигида ўтказилган манзилли ўрганишлар натижасида танлаб олинган.

Ўрганишлар доирасида биноларнинг амалдаги техник ва энергетик ҳолати, иссиқлик йўқотиш манбалари, ташқи деворлар, том ва ертўла қисмлари, эшик ва деразалар ҳамда ички иситиш тизимлари текширилади. Шунингдек, иссиқлик энергиясидан фойдаланиш самарадорлиги баҳоланади.

Жаҳон банки мутахассислари зарур инструментал ўлчовларни амалга ошириб, ҳар бир уйда иссиқлик йўқотишларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлайди. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли техник ечимлар ишлаб чиқилади.

Аудит натижалари асосида Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларни самарали иситиш методологиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унда биноларнинг техник ҳолати, энергия самарадорлиги, иссиқлик йўқотиш даражаси ва бошқа техник кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

Ҳокимлик қайд этишича, мазкур методология кўп квартирали уйларни энергия самарадорлиги нуқтаи назаридан баҳолаш, модернизация қилиниши лозим бўлган биноларни аниқлаш ҳамда иссиқлик йўқотишларини камайтириш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилади.

Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия тежамкор ечимларни жорий этиш бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилади.