Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тошкентда уй-жойлар оммавий баҳолашдан ўтказилди

Квартиранинг бир квадрат метри 4,6 млн дан 35,8 млн сўмгача, бир сотих ер эса 115 млн дан 890 млн сўмгача бўлган оралиқда баҳоланди. Якуний баҳо амалдаги кадастр қийматидан бир неча баравар юқори.

Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира ва 213 мингдан зиёд ҳовли-жой оммавий баҳолашдан ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 14-август куни вазирликда ОАВ вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутатлари ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда тақдим этилди.

Квартиралар 426,7 трлн сўмга баҳоланди

Вазирлик маълумотларига кўра, Тошкентдаги 600 мингдан ортиқ квартираннинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 трлн сўмни ташкил этади. Оммавий баҳолаш якунлари бўйича уларнинг қиймати 426,7 трлн сўм деб белгиланди, яъни тахминан 7,4 бараварга ошди.

Бундан ташқари, 213 мингдан зиёд ҳовли-жой баҳоланди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 трлн сўмни ташкил этаётган бўлса, оммавий баҳолаш натижаларига кўра дастлабки қиймати 548,4 трлн сўмга етди — бу тахминан 14 бараварга кўп.

Очиқ мулоқотда тақдим этилган материалларда сезиларли тафовутнинг сабабларидан бири сифатида амалдаги кадастр қийматида ер участкасининг қиймати тўлиқ ҳисобга олинмагани кўрсатилган.

Оммавий баҳолашда ҳовли-жой ягона кўчмас мулк обекти — ер участкаси ва унда жойлашган бино-иншоотлар сифатида кўриб чиқилади.

Ҳисоб-китобларда кўчмас мулкнинг жойлашуви, ер участкаси ва иншоотлар майдони, қурилган йили, қавати, қурилиш материаллари, шунингдек, транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилманинг мавжудлиги ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, кўчмас мулк бозоридаги таклифлар, риелторлар маълумотлари ва нотариал тасдиқланган битимлар таҳлил қилинади. Обектлар нарх ҳудудлари бўйича тақсимланади, шундан сўнг кўчмас мулкнинг ҳудудий ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олувчи моделлар қўлланади.

Бир квадрат метр — 4,6 млн дан 35,8 млн сўмгача

Дастлабки баҳолаш Тошкент ҳудудларига қараб кўчмас мулк қийматида сезиларли фарқ борлигини кўрсатди.

Квартираларнинг 1 кв. метри қиймати 4,6 млн дан 35,8 млн сўмгача, ер участкасининг бир сотихи эса 115 млн дан 890 млн сўмгачани ташкил этди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу дастлабки натижалар эканини таъкидлади. Оммавий баҳолаш мулкдор ўз кўчмас мулкини сотиши керак бўлган аниқ нархни белгиламайди. Унинг вазифаси — ягона мезонлар асосида бозор шароитларига имкон қадар яқин бўлган қийматни аниқлаш ва турли обектлар қийматини солиштирма кўринишга келтиришдан иборат.

Мулкдорлар баҳолашни қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин

Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Кўчмас мулк эгалари нафақат обектнинг белгиланган қиймати, балки ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан ҳам танишишлари мумкин бўлади. Улар тушунтириш олиш, хато ёки ноаниқ маълумотлар ҳақида хабар бериш ва натижани қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, оммавий баҳолашга рози бўлмаган мулкдорлар кўчмас мулкни мустақил баҳолашдан ўтказиш учун баҳолаш ташкилотини жалб қилиши мумкин.

Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, мулкдорларга ўзларига тегишли обектларни баҳолаш натижалари кўрсатилган СМС хабарномалар юбориш ҳам режалаштирилмоқда.

Оммавий баҳолаш қандай амалга оширилади?

Оммавий баҳолаш тизими президентнинг 2025-йил 5-мартдаги фармонига мувофиқ босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Биринчи босқичда, 2025−2026-йилларда ушбу механизм тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳрида амалиётга татбиқ этилади.

2026−2027-йилларда уни Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида, 2027-йилдан бошлаб эса Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш режалаштирилган.

Оммавий баҳолаш маълумотларидан кўчмас мулк қиймати хариталарини шакллантириш, ҳудудлар ривожланишини таҳлил қилиш, давлат капитал қўйилмалари самарадорлигини баҳолаш, инфратузилмани ривожлантириш устуворликларини белгилаш ҳамда ипотека бозори учун ахборот базасини шакллантиришда фойдаланилиши назарда тутилган.