Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Туман ва шаҳарлардаги нархлар: энг қиммат уй-жойлар қайси ҳудудларда сотилмоқда?

Ҳовлиларнинг энг қиммати Мирзо Улуғбек туманида сотилмоқда — 1 сотих жой ўртача 1,7 млрд сўм. Самарқанд шаҳридаги 1 квадрат метр кўпқаватли уй қиймати ўртача 11,8 млн сўмни ташкил этган.

Урбанизация қўмитаси илк бор Ўзбекистоннинг 35 та шаҳар ва туманидаги “дом” ва ҳовлилар ўртача бозор нархларини ўрганди. Таҳлил электрон савдо платформаларида эълон қилинган кўчмас мулк қийматлари асосида амалга оширилган.

Тошкент пешқадам

2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, республика бўйича энг юқори нархдаги уйлар Тошкент шаҳрида жойлашган. Кўпқаватли квартиранинг юқори қиймати Шайхонтоҳур туманида бўлиб, 1 квадрат метр учун ўртача 25,3 млн сўм тўлаш керак. Кейинги ўринларни Миробод (23,2 млн сўм), Яккасарой (20,5 млн сўм) ва Мирзо Улуғбек (19,6 млн сўм) туманлари эгаллаган.

Ҳовлиларнинг энг қиммати Мирзо Улуғбек туманида сотилмоқда — 1 сотих жой ўртача 1,7 млрд сўм. Шу билан бирга, Яккасарой (1,64 млрд сўм) ва Юнусобод (1,44 млрд сўм) туманларида нархлар нисбатан баланд шаклланган.

Ўрта Зарафшон ва Қашқадарёдаги юқори нархлар

Самарқанд шаҳридаги 1 квадрат метр кўпқаватли уй қиймати ўртача 11,8 млн сўмни ташкил этган. Ҳовлилар сотихи эса 472,1 млн сўмдан сотилмоқда.

Навоийда квартиралар квадрат метри 7,5 млн сўм, ҳовлилар сотихи 244,9 млн сўм.

Қашқадарё вилоятидаги энг қиммат кўпқаватли квартиралар Шаҳрисабз ҳудудида — 1 квадрат метри 7,6 млн сўм. Ҳовлилари бўйича Қаршидаги нархлар юқори — сотихи 189,3 млн сўм.

Нукус, Фарғона ва Оҳангарон

Ангрен ва Олмалиқда квартиралар квадрат метри 7,1 млн сўмдан, Оҳангаронда эса 6,6 млн сўм. Ҳовлиларнинг нисбатан юқори қиймати ҳам Олмалиқда бўлиб, ўртача сотихи 129,7 млн сўмдан сотилади.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги “дом”лар квадрат метрини 5,6 млн сўмдан, ҳовлилар сотихини 123,5 млн сўмдан харид қилиш мумкин. Нукусда эса квартиралар 5,6 млн сўм, ҳовлилар 98,3 млн сўм.

Сурхондарё, Хоразм ва Қуйи Зарафшон

Минтақадаги энг юқори нархлар Бухоро шаҳрида қайд этилган. Ҳудудда 1 квадрат метр “дом” 8,4 млн сўм, ҳовли сотихи эса ўртача 388,6 млн сўмдан тўғри келади. Термизда уйлар квадрат метри 7,6 млн сўм, сотихи 273,7 млн сўмдан. Урганчда эса 1 квадрат метр квартира 6,9 млн сўм бўлса, ҳовли сотихи ўртача 318,5 млн сўмни ташкил этмоқда.

Қўқон, Чирчиқ ва Янгийўл

Мазкур ҳудудлар орасида Чирчиқдаги квартиралар нархи энг юқори бўлмоқда — 9 млн сўм. Ҳовли қиймати жиҳатдан эса Қўқон олдинда —198,6 млн сўм.

Янгийўлда уйлар квадрат метри ўртача 8,2 млн сўмдан, сотихи эса 134,3 млн сўмдан сотилмоқда.