Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2026 йилнинг биринчи ярмида 5 фоиздан 4,5 фоизга пасайди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатасида 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ижтимоий реестрга киритилган 227 мингта камбағал оилага даромадларини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилган.
Шунингдек, маҳаллаларда иқтисодий фаолликни оширишга қаратилган 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 246 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Ҳисобот даврида 460 минг нафардан ортиқ ишсиз аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. 2750 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилди.
Оғир тоифадаги 37 та ҳамда «Янги Ўзбекистон» қиёфасидаги 33 та туман ва 915 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш дастурларига 9 триллион сўм ажратилиб, 3200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.
Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсди. Саноат 8 фоизга, хизматлар соҳаси 16,9 фоизга, қурилиш 13,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,7 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Олтинни ҳисобга олмаганда экспорт ҳажми 14,4 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,6 фоизга кўпайди.
Капитал қўйилмалар ҳажми қарийб 339 триллион сўмни ташкил этди. Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 6,4 фоиз бўлди.
21 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар ялпи ички маҳсулотнинг камида 8 фоиз ўсишини таъминлаш вазифаси қўйилган. Бош вазир ўринбосари бунинг учун зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.


