Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларининг ўртача даромади 4,9 млн сўмни ташкил этмоқда

Таҳлилларга кўра, битирувчиларнинг ишга жойлашиши учун ўртача 3 ойу 5 кун вақт кетмоқда. Ижтимоий-гуманитар йўналишда Тошкент халқаро Вестминстер университети битирувчилари ўртача 12,5 млн сўм даромад билан биринчи ўринда.

збекистонда 2025 йил июль ойидан 2026 йил июни якунигача бўлган муддатни қамраб олган ўрганишларга кўра, ОТМ битирувчиларининг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошев Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди

Йўлдошевнинг сўзларига кўра, агентлик 2024/2025 ўқув йилида 170 та олий таълим ташкилотини тамомлаган 249 432 нафар битирувчининг меҳнат бозоридаги натижаларини таҳлил қилди. Бунда уларнинг ишга қанча вақтда жойлашгани, бандлигининг барқарорлиги, расмий даромади ва бандлик шакли ўрганилди. Натижалар «Битирувчилар сифати индекси»да жамланиб, махсус платформа яратилди.

Агентлик директорининг айтишича, мазкур индекс президентнинг 2026 йил 10 апрелдаги фармонига мувофиқ жорий этилган. Унинг асосий мақсади олий таълим ташкилотлари фаолиятини битирувчиларнинг реал натижалари орқали баҳолашдан иборат.

«Битирувчилар сифати индекси — 10 дан ортиқ давлат платформасини бир жойга жамлаб, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижаларини баҳолаш платформасидир», — дейди у.

Битирувчилар ишга ўртача қанча вақтда жойлашган?

Таҳлилларга кўра, битирувчиларнинг ишга жойлашиши учун ўртача 3 ойу 5 кун вақт кетган. ОТМнинг мулкчилик шакли бўйича бу кўрсаткич фарқ қилади: нодавлат олий таълим муассасалари битирувчилари ўртача 2 ой 10 кунда, давлат ОТМ битирувчилари 2 ой 29 кунда, хорижий университетлар филиаллари битирувчилари эса 3 ой 20 кунда ишга жойлашган.

«Бироқ диплом олганидан кейин иш топишнинг ўзи битирувчининг меҳнат бозорида муваффақият қозонганини англатмайди. Шу сабабли индексда бандликнинг барқарорлиги ҳам алоҳида баҳоланган», — дейди Йўлдошев.

Унинг таъкидлашича, сўнгги олти ой давомида барқарор ишлаган битирувчилар улуши республика бўйича 42,9 фоизни ташкил этган. Хорижий университетлар филиалларида бу кўрсаткич 49,8 фоиз, нодавлат ОТМларда 46,7 фоиз, давлат ОТМларда эса 42,1 фоиз бўлган.

Ўртача даромад — 4,9 млн сўм

Таҳлил қилинган битирувчиларнинг ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган. Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 6,6 млн сўм. Вилоятлар кесимида Навоий ва Тошкент вилоятларида ўртача расмий даромад 5 млн сўмдан қайд этилган.

Айрим ОТМларда эса бу кўрсаткич республика ўртачасидан анча юқори. Масалан, амалий фанлар тоифасида Тошкентдаги Инҳа университети битирувчилари ўртача 12,6 млн сўм даромад олган. Тошкент ахборот технологиялари университетида бу кўрсаткич 9,4 млн сўм, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 8,1 млн сўмни ташкил қилган.

Ижтимоий-гуманитар йўналишда Тошкент халқаро Вестминстер университети битирувчилари ўртача 12,5 млн сўм даромад билан биринчи ўринда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бу кўрсаткич 10,6 млн сўм, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 10,3 млн сўм бўлган.

Бахтиёр Йўлдошевнинг сўзларига кўра, бу ерда гап расмий қайд этилган даромадлар ҳақида бормоқда. Бунда битирувчининг даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан таққосланади. Шу орқали ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳам ҳисобга олинади.