Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби белгиланди

Баҳолаш бўйича таклифлар 15 иш кунида кўриб чиқилиб, ташкилот тажрибаси, имкониятлари, баҳолаш муддати ва ҳақи асосида танланади. Тўлиқ баҳолашга тўсқинлик қилувчи ҳолатларда Марказий банк ёки у тайинлаган баҳоловчи дастлабки баҳолашни, кейинчалик баҳоловчи ташкилот имкон қадар тезроқ якуний баҳолашни ўтказади.

Фото: Марказий банк

Адлия вазирлиги Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Унга кўра, банкларни санация қилиш учун ҳамда санациядан кейин акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини аниқлаш учун баҳолаш ўтказиш, баҳоловчи ташкилотларни тайинлаш ва уларга қўйиладиган талаблар белгиланмоқда. Ушбу ҳужжат банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига ҳам татбиқ этилади.

Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатини шакллантиради, мурожаатларни 2 ойда кўриб чиқади ва рўйхатни йилига камида бир марта қайта кўриб чиқади.

Баҳолаш бўйича таклифлар 15 иш кунида кўриб чиқилиб, ташкилот тажрибаси, имкониятлари, баҳолаш муддати ва ҳақи асосида танланади.

Баҳоловчи ташкилотнинг мустақиллиги, малакаси, фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси ва ахборот хавфсизлигига доир талаблар ҳамда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш тартиби белгиланади. Санация учун банкнинг активлари, мажбуриятлари ва балансдан ташқари моддалари баҳоланади.

Тўлиқ баҳолашга тўсқинлик қилувчи ҳолатларда Марказий банк ёки у тайинлаган баҳоловчи дастлабки баҳолашни, кейинчалик баҳоловчи ташкилот имкон қадар тезроқ якуний баҳолашни ўтказади.

Санациядан кейин акциядорлар ва кредиторларнинг амалда олган қиймати банк мажбурий тугатилганида олиши мумкин бўлган қиймат билан таққосланиб, санация натижасидаги зарарлар кўпроқ бўлган ёки бўлмаганлиги аниқланади.

Баҳолаш харажатлари банкнинг молиявий ҳолати имкон берса банк ҳисобидан, акс ҳолда Марказий банк ҳисобидан тўланиб, кейинчалик банкдан ундирилади.

Баҳолаш ҳисоботи Марказий банкка тақдим этилади ва унинг қисқача мазмуни эълон қилинади.