Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Банкларда активлар учун захира шакллантириш тартиби тасдиқланди

Банклар, жумладан микромолия ва исломий банкларда активларни 5 тоифага ажратиш ҳамда улар бўйича 1−100 фоиз миқдорида захира шакллантириш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 2028 йил 1 январдан муаммоли активларга «фоизларни ўстирмаслик» мақоми берилади.

Адлия вазирлиги банкларда активлар сифатини таснифлаш ҳамда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 10 сентябрда 3937-рақам билан рўйхатга олинган.

Янги тартиб банклар, жумладан микромолия банклари ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга татбиқ этилади. Активлар «стандарт», «субстандарт», «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз» тоифаларга ажратилади. Улар бўйича мос равишда 1%, 10%, 25%, 50% ва 100% миқдорида захира шакллантирилади.

Активларни таснифлашда объектив мезонлар ҳамда тўлов эҳтимоли пастлиги ҳисобга олинади, натижалар фарқ қилса, ёмонроқ тоифага олинади. Банклар, нобанк кредит, суғурта ва лизинг ташкилотларига берилган активлар учун алоҳида мезонлар белгиланади.

Реструктуризация қилинган активлар сифатини яхшилаш учун белгиланган шартлар бажарилиши ва камида 6 ёки 12 ойлик синов даври ўтиши талаб этилади. Захиралар ойига камида бир марта қайта кўриб чиқилади.

2028 йил 1 январдан муаммоли активларга «фоизларни ўстирмаслик» мақоми берилади. Бунда ҳисобланган, аммо олинмаган фоизли ва бошқа даромадлар балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказилади.

Активларни захира ҳисобидан балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш қарз мажбуриятини бекор қилмайди.