Ўзбекистон аҳолисининг банклардан олган кредитлари қолдиғи бир йилда 18,8 фоизга кўпайди. Марказий банк қарзларнинг катта қисми уй харидига йўналтирилаётганини маълум қилди. 2026 йил 1 август ҳолатига кўра, мамлакатда жисмоний шахсларга ажратилган кредит қолдиғи 239,8 триллион сўмга етди. Қарзлар миқдори бир йил ичида 37,93 триллион сўмга (18,8 фоиз) ортган.
Энг кўп қарзлар ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келмоқда — 88,14 триллион сўм. Аҳолининг мазкур турдаги қарздорлиги 2025 йил мос давридагидан 14,1 триллион сўмга ёки 19 фоизга кўпайган.
Таҳлил қилинишича, жисмоний шахслар зиммасидаги микрокредитлар қолдиғи 46,74 триллион сўмга етган. Бундай турдаги қарзлар тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилганларга 300 миллион сўмгача миқдорда берилади. Қолган кредитлар ва уларнинг йиллик қиймат ўзгариши қуйидагича:
- Микроқарзлар — 51,14 триллион сўм (бир йилда 19,2 фоизга камайган);
- Автокредитлар — 40,5 триллион сўм (ўсиш 8,6 фоиз);
- Таълим кредитлари — 6,84 триллион сўм (ўсиш 17 фоиз).
Ўз навбатида истеъмол кредитлари қолдиғи 508 миллиард сўмни, бошқа турдаги қарздорликлар (кредит карта ва овердрафтлар) 5,91 миллиард сўмни ташкил этган.


