Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда 315 минг тадбиркорнинг 1,5 трлн сўмлик солиқ пеняси бекор қилинади

Ушбу имкониятдан фойдаланиш учун солиқ қарздорлигининг асосий суммаси 2026 йил 31 декабрдан кечиктирмай тўлиқ тўланиши керак. Амнистия доирасида айрим жарималар бўйича қарздорликларни ҳам ҳисобдан чиқариш назарда тутилган.

Ўзбекистонда қарийб 315,2 минг нафар тадбиркор «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистиясидан фойдаланиб, йил охирига қадар солиқ қарзини тўлиқ тўлаган тақдирда, унга ҳисобланган пеняни ҳисобдан чиқариши мумкин. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Палата маълумотларига кўра, ушбу тоифадаги тадбиркорларнинг 2026 йил 1 сентябрга қадар шаклланган солиқ қарздорлиги 9,5 трлн сўмни ташкил этади. Унга ҳисобланган пеня миқдори эса қарийб 1,5 трлн сўмга етган.

Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси Шавкат Мирзиёевнинг Хивада тадбиркорлар билан ўтказилган VI очиқ мулоқотидан сўнг қабул қилинган президент фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, тадбиркор амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарздорлигини 31 декабрга қадар тўлиқ тўласа, унга ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, мазкур қарздорлик билан боғлиқ ижро ишлари ҳам тугатилади.

Савдо-саноат палатаси аниқлик киритишича, ушбу имкониятдан фойдаланиш учун солиқ қарздорлигининг асосий суммаси 2026 йил 31 декабрдан кечиктирмай тўлиқ тўланиши керак.

Шунингдек, агар тадбиркор аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги хатоларни мустақил равишда тузатса ва қўшимча ҳисобланган солиқни йил охирига қадар тўлиқ тўласа, ушбу суммага пеня ҳисобланмайди.

Амнистия доирасида айрим жарималар бўйича қарздорликларни ҳам ҳисобдан чиқариш назарда тутилган. Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, гап 2019−2025 йилларда тўпланган айрим жарималар бўйича 1,6 трлн сўмлик қарздорлик, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ бўйича 39,8 млрд сўмлик жарима қарздорлиги ҳақида бормоқда.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январга қадар юзага келган солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарималарнинг тўланмаган қисми, шунингдек, қатъий белгиланган миқдорда айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларига қўлланилган молиявий жарималар ҳисобдан чиқарилади.

Тадбиркорлар, шунингдек, солиқ ва йиғимларни тўлаш бўйича тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Бундан ташқари, иқтисодий амнистия доирасида қоидабузарликларни мустақил равишда бартараф этган тадбиркорларнинг Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари пасайтирилмайди.

Фармон, шунингдек, аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномаларини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганлик учун жарима қўлламасдан Ягона миллий меҳнат тизимига киритиш имконини беради.